Қозоғистонда ҳарбий хизматга махсус чақирув эълон қилинди


  • 3 Апрель, 2020
  • 459

Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳарбий хизматга бурчли бўлганларни махсус йиғинга чақирув тўғрисида фармонни имзолади.

Қозоғистонда ҳарбий хизматга бурчли деб ҳарбий рўйхатда турган ва муайян ёшгача ҳарбий заҳирада бўлганларга айтилади.

Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев кимлар махсус хизматга чақирилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳарбий рўйхатда турган ва соғлиқ жиҳатидан яроқли деб топилганлар махсус хизматга чақирилади.

Вазир “Ватандошлар хизматга ўз яшаш жойидан чақирилади. Улар ҳар куни ишдан кейин ўз уйларига қайтади. Хизматга худди ишга боргандек бориб-келади. Бизда ёши катталарни, оилавий шароити тўғри келмайдиганларни чақирмаслик учун ресурсларимиз етарли” деди.

Шунингдек вазир махсус хизматга асосан ёшлар чақирилишини айтиб ўтди.

Ермекбаев “Ҳарбий хизматчилар бошқа вилоятларга юборилмайди. Улар блокпостларда, патрулликда, дезинфекция қилишда ва объектларни қўриқлашда хизмат қилишади” деб таъкидлади.

Вазир махсус йиғиндан 1) мудофаа ва тартибни сақлашни таъминлаётган давлат органи ходимлари; 2) авиация персонали; 3) фермерлар; 4) ўқитувчилар; 5) узлуксиз таълимдаги талабалар; 6) ҳарбий хизматга бурчли аёллар; 7) 18 ёшгача бўлган 3 ёки ундан кўп фарзанди борлар; 8) устидан тергов ишлари олиб борилаётганлар; 9) депутатлар озод этилади.


Бошқа мақолалар