Туркистон вилоятидаги тошқинлар


  • 5 Май, 2020
  • 505

Туркистон вилоятининг Мақтаарал туманида сувдан зарар кўрган поселкалар атрофида ҳимоя плотиналари ўрнатилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, 2 майдан буён Жанатурмыс, Женис, Фирдоуси, Оргебас, Достық қишлоқларини сув босган. Бу ерда 845 та уй зарар кўрган. Яна бешта поселка хавфли ҳудуд ичида деб баҳоланган. Умумий ҳисобда 31 минг 606 киши хавфсиз жойларга эвакуация қилинди.

Бундан ташқари, 7,6 минг гектар экин майдони, асосий қисми пахта, сув остида қолди. Махсус ҳукумат комиссиясининг баҳолашига кўра, қишлоқ хўжалиги 404 миллион тенге зарар кўрган.

Жойларда фавқулодда вазият қўмитаси ходимлари ишламоқда. Полиция талончиликнинг олдини олиш мақсадида поселкаларни қуршаб олган.

Ҳозирги вақтда хавф бартараф этилган. 17 минг киши яшайдиган Мирзакент поселкаси ва Ақжол қишлоғи аҳолиси яқин кунларда уйларига қайтишлари мумкин. Қолганлар эса ҳозирча эвакуация пунктларида яшаб туришади.

Туркистон вилояти ҳокими Умирзақ Шукеев сув тошқинидан зарар кўрганларга берилаётган ёрдам ҳақида гапирди.

Шукеев “Аҳоли пунктларидан сув тортилгандан кейин биз ҳар уйни текшириб чиқиб, қанча зарар етганлигини аниқлаймиз. Ана шундан кейин комиссия билан бирга зарарни қандай қоплаш ҳақида ўйлаймиз” деди.


Бошқа мақолалар