- 2024-01-18
Туркистон вилоятида карантин режими 25 майгача чўзилди. Бу билан бирга бир қатор чекловлар сақланиб қолди. Бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Сакен Қалқаманов маълум қилди.
Қўшни вилоятлар билан чегара жойлардаги санитар блок-постлар ўз ишини давом эттиради. Аҳолининг шаҳарлараро, туманлараро ва яшаш пунктлари орасида ҳаракатланиши чекланган.
Парклар, дам олиш жойлари ва жамоат жойлари иш бошлайди.
Ушбу чоралар Туркистон вилоятининг бош давлат санитар врачининг 20202 йил 10 майдаги 17-рақамли қарори билан тасдиқланган.
Қарорга кўра, карантин сўнггигача аҳоли пунктларида жамоат транспорти ва диний объектлар ишга тушмайди.
Спорт, маданий тадбирлар ҳам ўтказилмайди. Озиқ-овқат бозорлари соат 10:00 дан 17:00 гача, кийим ва бошқа нарсалар дўкони кучайтирилган дезинфекция шароитлари асосида соат 9:00 дан 20:00 гача ишлайди.
Болалар боғчасида навбатчи гуруҳ иш бошлайди. Бу ерда касалхонадан соғлиғи ҳақида маълумотнома олган тарбиячилар ишлаши керак. Боғчага келадиган болалар ҳам маълумотномага эга бўлиши лозим.
Гўзаллик салонлари, тикув цехлари, пойафзал таъмирлаш, сартарошхона, стомотологияларда кўп одам тўпланишига йўл қўйилмайди. Ушбу объектларда иш олдиндан қайд қилиш орқали олиб борилади.
Давлат ташкилотларининг 50% ходимлари масофадан ишлашда давом этади.
Фақат тиббий ниқоб тақиш ва масофа сақлашга риоя қилган тақдирдагина уйдан чиқишга рухсат берилади.
Оилавий байрамлар, туғилган кунлар, никоҳ тўйлари ўтказиш, кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ тўпланишга рухсат йўқ. 65 ёшдан ошган ватандошлар кўчага чиқишлари тавсия этилмайди.
Аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари, иккинчи даражали банклар, “Қазпочта” филиаллари ишга тушди. Санитар қоидаларга риоя қилган тақдирда дам олиш жойлари, меҳмонхоналар, сайёҳлик объектларининг иш бошлашига рухсат берилади.
Вилоят ҳудудига фақат озиқ-овқат, саноат объектларига зарур хомашёлар, қурилиш ва баҳорги дала ишлари, тиббий жиҳозлар олиб киришга рухсати бўлган ватандошлар кириб-чиқишлари мумкин.