Литва Тихановскаяни Беларусь президенти деб тан олди


  • 11 Сентябрь, 2020
  • 360

Кеча 10 сентябрь куни Литва сейми (парламент) Светлана Тихановскаяни Беларусь президенти деб тан олган резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатда “Қўшни Беларусда юз берган яқиндаги воқеаларга жавобан сейм халқаро жамоатчиликни сайланган Беларусь йўлбошчиси Светлана Тихановская ва координацион кенгашни беларусликларнинг ягона қонуний вакили деб тан олишга чақиради” дейилган.

Литванинг қонунчилик органи халқаро жамоатчиликни Россиянинг Беларусь ичики ишларига аралашувига йўл қўймасликка даъват қилди.

Резолюцияда “Нолегитим президент Александр Лукашенконинг Россия билан халқаро келишувларга йўналтирилган ва Беларусь халқининг суверенитетини чекловчи ўлка ички ва ташқи сиёсати ўзининг халқига қарши жиноят ҳисобланади” дейилган.

Бундан ташқари резолюцияда халқаро жамоатчиликни Беларусь халқи ва унинг қонуний вакилларига турли сиёсий, иқтисодий, молиявий ва виза имтиёзлари ҳамда бошқа ёрдамлар кўрсатишга чақириқ бор.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 августда ўтказилган президентлик сайловларининг натижасига норозилик билдирган халқ бешинчи ҳафта намойишлар ўтказмоқда. Оппозиция сайлов натижалари қалбакилаштирилганлигини ва ҳақиқий ғолиб Светлана Тихановская бўлганлигини айтишмоқда.


Бошқа мақолалар