АҚШда терактлар


  • 3 Январь, 2025
  • 23

АҚШда 2025 йил бир неча терактлар билан бошланди. 1 январь куни Янги Орлеанда юк машинаси оломон ичига урилиб, 15 киши ҳалок бўлди ва 35 киши яраланди. Юк машинасида аҳолига ҳужум қилган ҳайдовчи 42 ёшли Шамсуддин Жаббор техаслик собиқ ҳарбий бўлиб, воқеа жойида полиция томонидан отиб ўлдирилди.

Шу куни Лас-Вегасдаги “Trump International” меҳмонхонаси олдида Tesla Cybertruck автомобили портлади. Натижада бир киши ҳалок бўлди ва 7 киши енгил жароҳат олди. Ҳалок бўлган Tesla ҳайдовчиси АҚШ армияси ветерани Мэтью Ливельсбергер бўлиб, у ҳам аввалги террорист Шамсуддин Жаббор билан бир базада хизмат қилган.

АҚШ полицияси бу иккала теракт бир-бирига боғлиқ бўлиш эҳтимоли борлигини айтди.

2 январь куни кечқурун Нью-Йоркдаги бир тунги клубда отишма юз берди. Натижада камида 10 киши жароҳат олди. Полиция ўқ узган шахсни қидирмоқда.

АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ушбу терактлардан кейин ҳукуматни қаттиқ танқид қилиб чиқди.

Трамп: “Бизнинг ўлка бутун дунёга кулгу бўлди. Чегараларни очиб қўйиш, ожиз, самарасиз раҳбарият мана нималарга олиб келди. Адлия вазирлиги, ФБР ва прокурорлар ўз вазифаларини бажармади. Улар Америка аҳолисини ички ва ташқи хавфдан ҳимоя қилиш ўрнига сиёсий мухолифини, яъни мени ноқонуний равишда қамоққа олиш билан овора бўлишди.

Демократ партиясидагилар шундай ҳолатга йўл қўйганлиги учун уялишлари керак. МРБ (ЦРУ) кеч бўлмасидан бунга аралашиши керак. АҚШ хавфсиз, миллий хавфсизлик ва демократия эрозияси сабабли пароканда бўлмоқда. Фақатгина куч ва қувватли раҳбарият буни тўхтата олади. 20 январда кўришгунча”, деди.


Бошқа мақолалар