Украина Курск чегарасини иккинчи марта бузиб ўтди


  • 6 Май, 2025
  • 30

Украина ҳарбийлари Курск вилояти чегарасини иккинчи марта бузиб ўтди, ракета учириб ва мина қўйилган майдонларни кесиб ўтиш учун махсус техникадан фойдаланди. Бу ҳақда 5 май, душанба куни The Telegraph нашри россиялик репортёрларга таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, украинлар ракета ёрдамида кўприкларни портлатишган ва тонгда, ёмон об-ҳаво шароитидан фойдаланиб, бронетехника билан ҳужумга ўтганлар.

Британия нашри эслатишича, ўтган ойда Россия ҳарбий раҳбарияти Украина ҳарбийлари Курск вилоятидан тўлиқ чиқарилганини маълум қилган эди. Бу ҳужум Иккинчи жаҳон урушидан бери Россия ҳудудига қилинган энг йирик босқин сифатида баҳоланган.

Telegram-канал маълумотларига кўра, янги ҳужумда тахминан 60 нафар Украина ҳарбийси иштирок этган. Улар Украина Сум вилояти томонидан Курск вилоятининг Глушков тумани чегарасига бронетранспортёр ва квадроциклларда етказилган. Ҳужумда муҳандислик минаочиш техникаси ҳам қўлланилган бўлиб, у Россия мудофаа иншоотларини йўқ қилишга уринган.

Давлат чегарасини бузиб ўтиш уриниши жуда тезда тўхтатилган. Жанглар бошланиши биланоқ тахминан 30 нафар украин жангчиси йўқ қилингани маълум қилинган.

Аввалроқ ВГТРК ҳарбий мухбир Александр Сладков маълум қилишича, Россия қўшинлари Украина қуролли кучларининг Курск вилоятига янги ҳужум режаси ҳақида олдиндан хабар топган ва унга тайёргарлик кўрган.


Бошқа мақолалар