Ўзбекистонда KIA’нинг энг янги моделлари ишлаб чиқарилади


  • 11 Сентябрь, 2020
  • 504

2020 йилнинг ноябрь ойида Жиззахдаги янги заводда KIA K5 ва Seltos моделларини ишлаб чиқариш ишлари бошланади.

Жиззах эркин иқтисодиёт зонасидаги ADM-Jizzakh 2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб энг янги моделлардан бўлган - KIA Seltos ва KIA К5 автомобилларини йиғишни бошлайди. Бу ҳақда Roodell компанияси хабар берди.

Қайд этилишича, заводда келгусида жаҳонга машҳур қатор брендлар автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳамкор дилерлик тармоқлари орқали МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

- Мутлақо янги бўлган хусусий авто ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши - Ўзбекистон бозори учун шунчаки тижорат янгилиги эмас, балки олиб борилаётган янги ислоҳотлар, ҳам инвесторлар, ҳам истеъмолчилар учун янги шароитларнинг қилиб берилганлик натижасидир, – таъкидлади Roodell бош директори Дониёр Давлатёров. – Ишонч билан айтишимиз мумкинки, мамлакатда ҳақиқатан ҳам автомобиль тарихининг янги даври бошланмоқда, у биратўласи бир нечта глобал автомобиль брендларининг ишлаб чиқарила бошлаши, яъни ўзбек бозорига кириб келиши билан боғлиқ. Биз янги инвесторлар учун макон, бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва дистрибуциялаш бозорини шакллантириш, дилерлик ва логистика марказларини қуриш учун шароитлар мавжуд. Фаолиятимизнинг дастлабки йилида турли учта машҳур автобрендларнинг автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Айни пайтда Жиззах ЭИЗда завод қурилишининг якуний босқичи давом этмоқда ва турли конфигурацияга эга бўлган автомобилларни ишлаб чиқариш учун мўлжалланган иккита технологик линиясини ўрнатиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Биринчи босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 25 минг донани ташкил этади. Иккинчисида - 2022 йил якунига қадар пайвандлаш, кузовни бўёқлаш ва йиғув цехлари ишга туширилганидан кейин ушбу кўрсаткич 100 мингтага кўпаяди.

Aвтомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда маҳаллий, хорижий корхоналар учун янги истиқболларни яратиш ва ишлаб чиқарилган автомобилларни экспортини таъминлаш ҳам Roodell компаниясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Автомобилларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологик линияси, KIA Motorsнинг Россиядаги минтақавий бош ваколатхонаси иштирокида йўлга қўйилди. Компания ўз тажрибаси ва экспертизасини Roodell раҳбарияти билан ўртоқлашди ва ҳамкорликни муваффақиятли давом эттиришни кутмоқда.

- МДҲ бозори катта салоҳиятга эга, KIA автомобилларига қизиқиш тобора ортаётганини кўриб турибмиз, – деди KIA Motors Rus & CIS HQ президенти Чжин-Ха Ким. – Бу KIA Motors Russia & CISнинг минтақавий ваколатхонасини бош раҳбари сифатида дастлабки йирик лойиҳаларидан биридир. Янги заводда KIA'нинг энг сўнгги ва юқори технологик моделлари ишлаб чиқарилади, чунки биз Ўзбекистонга ва ҳамкорларимизга ишонамиз. Янги завод раҳбарияти ва бутун жамоасига муваффақиятлар тилаймиз.

2020 йил ноябрь ойида "Жиззах" ЭИЗда бизнес-класс седанининг янги глобал номига айланган KIA К5 автомобили ва дунёда сенсация ҳисобланган ҳамда кўплаб бозорларда эътибор қозонган KIA Seltos ихчам кроссовери ишлаб чиқарила бошланади. Иккала модель ҳам ўз сегментларида юқори рақобатбардошлиги, ажойиб дизайни, динамик хусусиятлари ва қулай юқори технологик функциялари билан ажралиб туради.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар