Соҳибқирон Амир Темур


  • 9 Апрель, 2018
  • 1053

Амир Темур (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул) [1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани) туғилган. 1405 йил 18 февраль куни Қозоғистоннинг Ўтрор шаҳрида вафот этади. Самарқандда дафн этилган) ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган. Ёзма манбаларда у Темурланг, Европада эса Тамерлан номи билан машҳур.

Амир Темур ўзининг илк ҳарбий фаолиятини қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган; уларнинг ўзаро курашларида қатнашиб, жасорат кўрсатган, жангларда чиниққан, ҳарбий маҳоратини оширган. Донғи бутун Қашқадарё воҳасига ёйилган. Амир Темурнинг ақлу заковати, шижоати ва шуҳрати уни Мовароуннаҳрнинг нуфузли амирларидан амир Хизр Ясовурий ва амир Қазағон билан яқинлаштирди. Хондамирнинг ёзишича, отаси амир Тарағой Амир Темурни аввал (1355) амир Жоку барлоснинг қизи Нурмушк оғога, сўнгра ўша йили (1355) Қазағоннинг набираси ва амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғога уйлантиради. Кейинги никоҳ туфайли Амир Темур билан Балх ҳокими амир Ҳусайн ўртасида иттифоқ юзага келиб, улар биргаликда мўғулларга қарши курашадилар.

Амир Темур ва амир Ҳусайн Илёсхожа бошлиқ Жета лашкари билан бир неча марта жанг қиладилар. Ниҳоят, 1364 йил охирида улар мўғул қўшинларини Мовароуннаҳр ҳудудидан қувиб чиқаришга муваффақ бўладилар.

Мовароуннаҳрда амир Ҳусайннинг ҳукмронлиги ўрнатилади, аммо кўп вақт ўтмай Ҳусайн билан Амир Темур ўртасидаги муносабат кескинлашиб, очиқдан-очиқ низога айланади. Амир Темурнинг нуфузи ортиб бораётганлигидан хавфсираган амир Ҳусайн Балхга қайтиб, унинг қалъа деворлари ва истеҳкомларини мустаҳкамлашга киришади. Балх, Қундуз ва Бадахшондан кўп сонли лашкар ҳам тўплайди. Кеш ва Қарши вилоятларига бош бўлган Амир Темур ҳам амир Ҳусайнга қарши ҳал қилувчи жангга ҳозирлик кўради. 1366-70 йиллар ўртасида бир неча бор тўқнашувлар бўлиб ўтади.

14-асрнинг 60-йилларида Мовароуннаҳрда ҳукм сурган ниҳоятда оғир сиёсий ва иқтисодий вазият мамлакатни бирлаштириб, кучли бир давлат ташкил этишни тақозо қилмоқда эди. Амир Ҳусайндан кўра Амир Темур замонининг бундай талабини яхшироқ тушунарди. Шунинг учун ҳам ўз фаолиятининг дастлабки босқичида барча ҳаракатни Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузишга қаратади. Бундай мақсадни амалга оширишда у руҳонийлар, ҳарбийлар, савдогарлар ва шаҳар ҳунармандлари табақаларига суянади. Амир Темур тарқоқ мамлакатни бирлаштиришга киришар экан, курашни аввало ички ғанимларидан бошлайди.

1370 йил баҳорида Амир Темур амир Ҳусайнга қарши йўлга чиқади. Қўшин Термиз яқинидаги Биё қишлоғига етганда маккалик шарифлардан Саййид Барака Амир Темур фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора — табл билан ялов — байроқ тортиқ қилади. Шубҳасиз бу воқеа катта сиёсий аҳамиятга эга эди. Чунки у салтанатлик рамзи эди. Амир Темур буни яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам Балхга етмасдан Ўрпуз мавзеида у амир ва нўёнлари билан кенгаш ўтказади. Кўпчиликнинг хоҳиш ва ихтиёри билан, ўша давр қонун-қоидаларига кўра, чингизийлар авлодидан бўлган Суюрғатмиш ўғлон Мовароуннаҳр подшолиги тахтига ўтқазилди. Амир Темур қўшини то Балхга етиб боргунича, унга йўл-йўлакай янги-янги кучлар келиб қўшилди. Шу аснода амир Ҳусайнни кўпчилик амирлари тарк этдилар. Жангда амир Ҳусайн қўшинлари енгилди, икки кунлик қамалдан сўнг, 1370 йилнинг 10 апрелида Балх шаҳри Амир Темурга таслим бўлди. Амир Ҳусайн асир олиниб, қатл этилди. Бу ғалабадан сўнг Амир Темур Мовароуннаҳрнинг чингизийлардан бўлган ҳукмдори Қозонхоннинг қизи Сароймулк хонимни ўз никоҳига олади. Хон қизига уйланганлиги муносабати билан Амир Темур «кўрагон», яъни «хоннинг куёви» унвонини олди.

Амир Темур — буюк давлат асосчиси. У Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Бундан ташқари Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон буйлари; шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жануби-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача булган мамлакатлар буйсундирилди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Тарих бу қўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг улардан фарқи шундаки, у умр буйи бунёдкорлик билан машғул булган. Унинг «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим» деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. Амир Темурга ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш билан нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморату иншоотлар бино қилганлар.

Алишер Навоийга Амир Темурнинг илм ва маънавият ақлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: «Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланарди». Амир Темур даврида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо қилинади. Клавихо Самарқанд бозорларида буғдой ва гуручнинг мўллиги ва арзонлиги ҳақида гапириб, шаҳар ҳунармандчилиги маҳсулотларини — атлас, кимхоб, ҳар хил ип ва жун тўқима моллар, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик моллари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ҳамда бошқа молларнинг сероблигини ҳам таъкидлайдилар.

Бу даврда Амир Темур ва унинг жой Султон Маҳмудхон асир олинган ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига йўналган асосий халқаро савдо йўли — «Буюк ипак йўли»ни назорат қилиб, савдо карвонлари қатнови хавфсизлигини таъминлашда, работлар, қалъалар, кўприклар қуриш йўлида муҳим чора-тадбирлар кўрдилар ва Шарқ билан Ғарб ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор бердилар.


Бошқа мақолалар