- 2015-11-03
Турк-ислом жамияти Мўғилистондан Дунай бўйларигача бўлган минтақада истиқомат қилади. Турк(ий)лар асл ўзликларини мусулмонлик орқали топишган. Юзлаб йиллар исломиятнинг хизматида мусулмонларнинг ҳимоячиси ва байроқдорлик вазифасини бажаришган.
Туркларнинг энг катта душмани Эрон, Ҳиндистон, ғарб ва Россия бўлган. Туркларнинг ғарбга кўчишига Эрон (Сосонийлар) тўғаноқ бўлди. Ислом қўшинлари 634 (Ярмуқ), 635 (Қадисия) ва 641 (Ниҳованд) жанглари орқали Эронни қўлга киритишганди.
751 йили ислом қўшинлари ва турклар бирлашиб, Талас жангида Хитойни мағлуб этишгач, Хитой Ўрта Осиёдан чекинди ва Ўрта Осиёда исломият ёйилди. Кўчманчи ҳолда яшаган қарлуқ ва ўғуз турклари ёппасига мусулмон бўлишди.
Аббосий қўшинлари сафида кўп сонда турк бор эди. Улар мусулмон турк тужжорлари ва дарвишлардан иборат эди. Бу кишилар исломиятнинг ёйилишида муҳим роль ўйнашди. Баттол Ғозий (қуддиса сирруҳ) Византия чегарасида вазифадаги аскар эди. Баттол Ғозий достони тарихимизнинг шонли саҳифасидир.
Турклар исломиятдан аввал “Тангри” деб атайдиган ягона бир Худога ва ҳамма нарсани У яратганига ишонишарди. Ўлгандан кейин яхшилари “ужмоғ” номли жаннатга, ёмонлари эса “тамуғ” дейиладиган жаҳаннамга кетишлари ҳамда тақдирга ҳам ишонишарди. Ибни Фазлоннинг айтишига кўра, зино ва гомосексуаллик турк қавмида ҳам тақиқланган эди. Ўғриларга оғир жазо бериларди.
Турклар тарихда турли динларга киришган. Лекин исломиятдан бошқа динларга кирганлари доимо ўзлигини йўқотиб, бегона халқ ва динларга сингиб кетишганди. Турк(ий)ларда исломият руҳ, турклик эса, бадан кабидир. Шу кунларда бошқа туркий қавмлари каби йўқолиб кетмаган бўлсак ва ҳамон турк(ий) бўлиб қола олган бўлсак бу учун исломиятга қарздормиз. Жумҳуриятлар қурилиб, ислом ҳарфларининг бошқа алифбога алмаштирилиши ва турк-ислом маданияти йўқ қилиниб, ўрнига христиан ғарб маданиятини тақлид қилишга киришиш, аслида туркларни бошқа турк қавмлари каби христианлик таъсирида йўқ қилишга йўл очган эди. Шундай маданият қатлиоми натижасида афсуски халқимиз ичида бўйнига хоч тақмаган, черковга бормаган, лекин туғилганидан ўлгунича худди христиандек яшашга одатланган номигагина мусулмон катта бир гуруҳ пайдо бўлди.