- 2024-03-07
МДҲ давлатлари шу йилнинг 15 июнига қадар Россияда ноқонуний бўлиб турган ўз гражданларини олиб чиқиб кетмаса, Москва чегараларни ёпишгача бўлган чораларни қўллаши мумкин.
Бу, жумладан, Ўзбекистоннинг айни вақтда Россияда турган 332 минг ватандошига ҳам тегишли.
РФ ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой бу гапни МДҲга аъзо давлатлар парламентлараро ассамблеяси ялпи йиғилиши чоғида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Interfax.
«Ҳамкасблар, сизларга бир илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Бугунги кунда менинг мамлакатим ҳудудида ноқонуний бўлиб турган гражданларингиз сони бунча, — деган у рақамларга ишора қилиб. — Агар биз бу сонни РФ президенти фармонида назарда тутилганидек 15 июнгача йўқотмасак, бу одамлар мамлакатдан бадарға қилиниш ва чегараларни ёпишгача бўлган жазога мубтало бўлади».
Вазир ўринбосари бу муаммога қарши маҳаллий давлатлар нашрлари ва блогерлари ёрдамида курашишни ҳам тавсия қилди.
«Ватандошларингизга қарши миграция режимини бузганлик учун ҳеч қандай ҳуқуқий чора кўрилмайди», — дея ишонтирган Горовой.
Пандемия туфайли мигрантларнинг бир қисми Россияни тарк этишга улгурган, чегаралар ёпилгани туфайли қайтиб кела олишмаяпти, яна бир қисми уйга бориш имкониятидан маҳрум бўлган. Путин ўз фармони билан Россияда қолган хорижликларга 2021 йилнинг 15 июнигача РФ ҳудудида бўлиб туриш ва яшаш ҳуқуқи, ҳисобга олиш муддати ва уларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солувчи бошқа чоралар муддати узайтириб берилган эди.
ИИВ маълумотларига кўра, Россияда айни вақтда Арманистоннинг 61 минг, Озарбойжоннинг 120 минг, Тожикистоннинг 247 минг, Украинаниннг 152 минг, Ўзбекистоннинг 332 минг, Қирғизистоннинг 115 минг, Қозоғистоннинг 49 мингдан ортиқ граждани ноқонуний бўлиб турибди.
kun.uz дан олинди.