Янги Суперлига ташкил этилди


  • 20 Апрель, 2021
  • 336

Европанинг 12 клуби янги Суперлига тузилганини расман эълон қилди. Бу клублар УЕФАнинг ЕЧЛни ташкил этишидан қониқмаганини айтиб, янги лига тузилганини эълон қилди.

Суперлига ўзи нима?

ФИФА, УЕФА каби ташкилотлар билан топ-клублар ўртасидаги зиддиятлар анчадан бери мавжуд. Футболда катта пуллар айланиши маълум, тилга олинган ташкилотлар эса доим каттароқ қисмга эга чиқишга уринади. Айниқса, терма жамоалар билан боғлиқ мусобақалар доим клубларнинг манфаатларига тўсиқ қўйиб келган. Футболчиларга катта суммалардаги маошлар тўлайдиган клублар терма жамоа йиғинлари туфайли кўп йўқотишларга учрайди, жароҳатлар содир бўлади. Қолаверса, УЕФА Европа чемпионати иштирокчилари сонини ва форматини ўзгартириши, Миллатлар Лигаси каби келажаги шубҳали бўлган турнирларга асос солиши доим клубларни жиғибийрон қилиб келган.

Бунинг устига, топ-клублар доим еврокубоклардан даромадлар иштирокчилар ўртасида адолатли тақсимланмаётганидан норози бўлиб келади. Масалан, Чемпионлар Лигасининг асосини ва жозибадорлигини таъминлайдиган клублар якунда шу қадар оз сумма оладиларки, бу бирор трансфер нархининг ярмини ҳам қопламаслиги мумкин баъзида. Чемпионлар Лигаси формати, айниқса, гуруҳ босқичида жамоалар сони кўпайгани муносабати билан қизиқарсиз бўлиб қолаётгани ҳам сир эмас.

УЕФАнинг асосий функцияларига нафақат молиявий даромад олиш, балки қитъа футболини ривожлантириш ҳам киради. Айтиш мумкинки, бу асосий вазифа билан мусобақалардан молиявий даромад олиш баъзида бир-бирига терс келиши мумкин бўлган манфаатлардир. Бир томонга урғу берилганда, табиийки, тарозининг нариги палласи жабр чекаверади. Натижада УЕФА жуда кўп топ-клублар иштирок этадиган турнирдан ҳатто АПЛ оладиган маблағни ҳам топа олмайди.

«Биз футболга миллионларни сарфлаяпмиз, шу пуллар билан бутун футболни ушлаб турибмиз, футболчиларга ойлик тўлаяпмиз, лекин сизлар биз учун мана шу харажатларни қоплай оладиган турнир ташкил қилиб бера олмаяпсизлар. «Динамо» Загребга қарши майдонга туш, Қозоғистонга бориб «Астана» билан куч синаш, деяпсизлар, лекин бу ўйинлар учун пулни биз тўлаяпмиз. Яхшиси, сизлар четга чиқиб туринглар, халқаро турнир керакми, буни ўзимиз ташкил қиламиз. Пулларимизни тўғри йўналтирадиган тизим ишлаб чиқамиз, биз пул сарфлаяпмизми, даромад ҳам бизники, учинчи дунё клубларини ривожлантиришга мажбур эмасмиз», – деб ҳайқирмоқда топ-клублар жамоати.

«Бу миллионлар фақат Сизнинг харажатларингиз туфайли эмас, узоқ йиллар мобайнида қўйилган пойдевор, ўзгармас қадриятлардир. Биз қўйган пойдевор устига ўз иморатингизни қўя олмайсиз», – деб жавоб беради УЕФА ва миллий ассоциациялар.

Хуллас, «Реал» раҳбари Флорентино Перес бошчилигида, «Манчестер Юнайтед» эгалари бўлмиш Глайзерлар, «Ювентус» президенти Андреа Аньелли ва бошқалар ҳозирча 12 клубдан иборат Суперлигага асос солишди. «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Милан», «Интер», «Ювентус», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Челси», «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» клублари мана шу 12таликни ташкил қилишмоқда. Айтилишича, яна 3 клуб қўшилади. Франция ва Германия чемпионати вакиллари лойиҳадан четда туришибди.

Немис клублари мавжуд тизим ва структурани бузишни исташмаяпти. «ПСЖ» билан эса сал бошқача – клуб президенти Носир Ал-Хелайфи УЕФА директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади ва бунинг устига, у Чемпионлар Лигаси трансляциясини сотиб олган beIN Media Group’ни ҳам бошқаради.

Турнирнинг бош ҳомийси JP Morgan 4,6 миллиард евро пул тикишга тайёр. Йирик банк бу харажатларни келажакда трансляция ҳуқуқларини сотиш орқали қопламоқчи.

Суперлигани шунингдек, ёш лойиҳалар ва стартаплар билан шуғулланадиган Key Capital Partners ҳам қўллаб-қувватлайди.

Corriere dello Sport маълумотига қараганда, DAZN трансляция ҳуқуқлари учун 3,5 миллиард евро тўлашга тайёр.

Ташкилотчи 15 клубга ҳаммаси бўлиб 3,1 миллиард фунт берилади. Бу пуллар янги стадионлар ва базалар, шунингдек, пандемия даврида бўш стадионлар туфайли бўлган йўқотишларни қоплашда ишлатилади.

Шу билан бирга, Суперлигада қатнашадиган ҳар бир клуб 350 миллион евродан пул олади.

Қуйидаги жамоалар Европа Суперлигасида иштирок этиши маълум:

Испаниядан «Реал» «Барселона», «Атлетико»;

Италиядан «Милан», «Интер», «Ювентус»;

Англиядан «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм».

Янги тузилган Суперлига президенти Флорентино Перес бўлади. Клублар бу мусобақани ташкил эта олишса, унинг ўйинларидан тушадиган фойда ўзаро тенг тақсимланади. Бу клублар УЕФА ЕЧЛдан тушадиган даромадларни нотўғри тақсимлашидан норози бўлишган.

Турнир формати

Мусобақада 20та клуб қатнашади — 15та таъсисчи клуб ва мавсумдаги натижаларига кўра қўшиладиган яна 5 жамоа.

Жамоалар 10тадан бўлиб, икки гуруҳга тақсимланади ва уй-сафар тизимида ўйин ўтказишади. Ҳар бир гуруҳдан 3тадан энг яхши жамоа чорак финалга йўл олади. Тўртинчи ва бешинчи ўринни эгаллаган клублар қўшимча икки ўйиндан иборат плей-оффда беллашади. Чорак финал ва ярим финал баҳслари уй-сафар тизимида, финал нейтрал майдонда ўтказилади. Ўйинлар ҳар ҳафта бўлиб ўтади.

Турнир август ойи ўрталарида бошланиши режалаштирилган.

УЕФА ва ФИФА қарши

 УЕФА Суперлига тузилишини қабул қилмаслигини, бу мусобақада ўйнайдиганлар Европа ва жаҳон миқёсидаги ўйинлардан дисквалификация қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Шунингдек, ташкилот Суперлига таклифини қўлламаган Германия ва Франция клубларига миннатдорчилик билдирган.

ФИФА ҳам бу ташаббусни маъқулламаслигини билдирди.

«ФИФА адолатли тақсимот моделига қатъий содиқдир. Чунки жаҳон миқёсида футболни ривожлантириш — ташкилотнинг асосий вазифасидир.

Низомга мувофиқ, ҳар қандай миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги футбол турнирлари ҳар доим молиявий тақсимотнинг асосий тамойилларини акс эттириши керак.

Шундай қилиб, ФИФА халқаро футбол тузилмаларидан ташқаридаги «Европанинг ёпиқ лигаси»га норозилигини билдиради.

ФИФА доим жаҳон футболидаги бирдамликни қўллаб-қувватлайди ва қизғин муҳокамаларда иштирок этаётган томонларни мувозанатли мулоқотга чорлайди», — деб баёнот беради ФИФА.

kun.uz дан олинди


Бошқа мақолалар