- 2024-06-20
Ливаннинг Ал-Халил шаҳри атрофидан Исроилга “Град” синфли ракеталар отилди.
Аввалроқ нашрлар жанубий Ливан ҳудудидан Исроил томон 3 ракета отилганлигини маълум қилганди. Кейинроқ Исроил армияси буни тасдиқлади.
Хабарда “Дастлабки маълумотларга кўра, “Град” синфли ракеталар Ливаннинг Ал-Халил шаҳри атрофидан Фаластиннинг Исроил тарафидан ишғол қилинган ҳудудига отилган” дейилди.
Сўнгги маълумотлар бўйича, Исроил ҳужумлари оқибатида 100 дан ортиқ аҳоли ҳалок бўлиб, 580 нафари жароҳат олган. Бундан ташқари, Исроил мудофаа вазири Бени Ганц заҳирадаги яна 9 минг аскарни сафарбар қилишни тасдиқлади.
Эсатиб ўтамиз, Исроил армияси Ал-ақсо масжидида таровиҳ намозини ўқиётган фаластинлик мусулмонларга кўздан ёш оқизувчи бомбалар билан ҳужум қилганди. Бунинг ортидан Хамас ташкилотининг қуролли қаноти бўлган “Ал-Қассам” бригадаси Исроил ўз армиясини Ал-Ақсо масжидидан олиб чиқиб кетмаса, ўт очишини билдириб ультиматум қўйганди. Талаблари бажарилмаганидан кейин ракеталар билан ўт очганди. Бунга жавобан Исроил Ғаззога ҳужум бошлади.
Аввалроқ жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти мутахассиси Пархомчик Исроил-Фаластин зиддиятининг давом этиши Сурия, Яман ва Ливиядаги зиддиятлар ҳамда Эрон атрофидаги кризис билан бирга бутун Ўрта Шарқни “портлатиб” юбориш мумкинлигини айтганди.