Зеленскийдан Исроил норозилиги


  • 18 Апрель, 2024
  • 93

Украина президенти Владимир Зеленский Европа иттифоқи ўлкаларидан “Темир қубба”га ўхшаш ҳаво мудофаа тизимини талаб қилди. Зеленский “Бизнинг осмонимиз ҳам хавфсиз бўлишга ҳақли” деди.

Зеленский Брюсселда ўтказилган ЕИ саммитига видео конференция орқали боғланди. Россиянинг Чернигевга уюштиирган ракета ҳужумида 14 киши ҳалок бўлганини ёдга олган Зеленский ғарб ўлкаларига танбеҳ берди.

Зеленский Исроилнинг “Темир қубба”сини назарда тутиб “Биз Украинада бир неча кун аввал Ўрта Шарқда кўрган ҳаво мудофаа тизимига эга эмасмиз. Иттифоқдошлар биргалашиб Исроилга йўналтирилган бутун ракеталарни ва дронларни уриб туширишга муваффақ бўлишди. Исроил ва бошқа ўлкаларнинг осмонида бўлганидек Европани баллистик ракеталардан, дронлардан ва бомбалардан ҳимоя қилишимиз керак. Бизнинг ва қўшниларимизнинг осмони ҳам хавфсиз бўлишга ҳақли” деди.

Бунинг ортидан ЕИ саммитида ташқи алоқаларга тегишли баённома қабул этилди. Баённомада “Россиянинг Украина тинч аҳолисига ва инфраструктурасига қарши давом этаётган ҳужумларини қатъиян қоралаймиз. Украинага тезда ҳаво мудофааси таъминланиши керак. Артиллерия ўқ-дорилари ва ракеталардан иборат барча керакли ҳарбий ёрдам кўрсатилиши лозим” дейилди.


Бошқа мақолалар