Янги спикер ва янги ҳоким


  • 1 Февраль, 2022
  • 258

Қозоғистон депутатлари Мажлиснинг янги раисини сайлашди. Сайлов натижасига кўра, спикерлик лавозимини яқинда президент администрацияси раҳбари лавозимидан депутатликка ўтказилган Ерлан Қўшанов эгаллади.

Ерлан Қўшанов 59 ёшда бўлиб, бунгача у президент администрация раҳбари лавозимида ишлаган. Ундан аввал эса Қарағанда вилоятининг ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, собиқ мажлис раиси Нурлан Нигматуллин депутатлик ваколатларини тугатиш бўйича ариза берганди.

Бундан ташқари 31 январь куни Алмати шаҳри ҳокими Бахитжан Сағинтаевни лавозимидан озод этиш ва унинг ўрнига Ербўлат Дўсаевни ҳоким этиб тайинлаш ҳақида тегишли президент фармони эълон қилинди.

Ербўлат Дўсаев турли йилларда “Байтерек” миллий холдинг бошқарувчиси, миллий иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири, соғлиқни сақлаш вазири, молия вазири, молия вазири ўринбосари, бош вазир маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

2019 йил февраль ойидан бошлаб миллий банк раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. 


Бошқа мақолалар