- 2024-04-16
10 июнга ўтар кечаси Киев дронлар орқали оммавий ҳужумга учради. Шаҳарда ёнғинлар чиқди, осмонни қора қуюқ тутун қоплади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, кеча бўлиб ўтган оммавий ҳаво ҳужумлари натижасида Киевнинг етти туманида инфратузилма объектларига катта зарар етган. Камида тўрт киши жароҳат олгани маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, олти туманда ёнғинлар ва вайронагарчиликлар қайд этилган.
Шунингдек, 10 июнга ўтар кечаси Одессага ҳам ҳаво зарбалари берилди.
Шаҳар марказида тураржой бинолари вайрон қилинди ва шикастланди. Шошилинч тиббий ёрдам станциясига тегишли маъмурий бино тўлиқ вайрон қилинган. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, камида тўрт киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилди.
Эслатиб ўтамиз, 8 июн куни АҚШ Киев томонидан Россиянинг стратегик авиабазаларига қилинган ҳужумлардан сўнг, Москва Украинага қарши оммавий ҳаво зарбалари бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.