Россия «дўст бўлмаган давлатлар»га газни фақат рублда сотади


  • 26 Март, 2022
  • 173

Россия президенти Владимир Путин Россия газининг «дўстона бўлмаган давлатлар»га экспорти учун тўлов рублда амалга оширилишини маълум қилди. Бундай давлатлар рўйхати март ойида Россиянинг Украинага босқинига жавобан киритилган санкциялар туфайли жиддий кенгайтирилган. Энди қарийб 50 мамлакат Россия ички бозорида рубль сотиб олишига тўғри келади.

«Интерфакс»нинг ёзишича, Путин Марказий Банк ва ҳукуматга бир ҳафта ичида Россия гази харидорлари Россия ички бозорида рубль сотиб олиши бўйича операциялар ўтказиши тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган.

«Кўриниб турибдики, маҳсулотларимизни Европа давлатлари ва АҚШга етказиб бериб, тўловни доллар ва еврода қабул қилишдан маъно қолмади. Шу сабабли тўловларни рублга ўтказиш бўйича чораларни амалга оширишга қарор қилдим. Ишни табиий газдан бошлаймиз — нодўст мамлакатларга етказиб бериладиган газ учун тўловларни рублга ўтказамиз. Яъни ҳисоб-китобларда ўзини оқламаган барча валюталардан фойдаланишдан воз кечамиз», деган Путин.

Путиннинг сўзларидан кейин доллар курси 101 рублдан камайди, кейинроқ Москва биржасида бир доллар 95 рублгача тушган.

Ўз навбатида, Россиянинг бу қарори эълон қилинишидан кейин Европада газ нархи 10 фоизга кўтарилган. Шу билан бирга, ўсиш ўтган кундаги ёпилишдаги нархга қараганда 25 фоиздан ортиқни ташкил этган.

Путиннинг баёнотидан кейин ICE Futures биржасида апрель фьючерслари минг кубметр газ учун 1359 долларга чиқди. Бир кун аввалги савдолар 1077 доллар даражасида ёпилганди.

Айни вақтда Россия ҳукумати «нодўст мамлакатлар» рўйхатига 48 давлатни киритган.

7 март куни бу рўйхат россиялик ҳарбийларнинг Украинага бостириб кириши туфайли қўлланган санкцияларга жавобан кескин кенгайтирилганди. «Нодўст мамлакатлар»нинг аввалги рўйхатида атиги икки давлат - АҚШ ва Чехия бор эди. Улар бу рўйхатдан 2021 йил 14 майда ўрин олган.

Россия ҳукумати яна 46 давлатни қўшиб, янги рўйхатни тасдиқлаган: булар ЕИнинг барча аъзолари, шунингдек Австралия, Албания, Андорра, Буюк Британия (Жерси, Ангилья, Британ Виржин ороллари ва Гибралтар билан бирга), Исландия, Канада, Лихтенштейн, Микронезия, Монако, Янги Зеландия, Норвегия, Жанубий Корея, Сан-Марино, Шимолий Македония, Сингапур, АҚШ, Тайвань, Украина, Черногория, Швейцария ва Япония.

Россия молия вазирлиги 14 март куни давлат қарзи бўйича хорижий валютадаги тўловларнинг вақтинча тартибини тасдиқлади. Агар валюта захираларини тасарруф этишига рухсат беришмаса, Россия давлат қарзини рублда тўлайди. Молия вазири Антон Силуанов санкциялар туфайли Россия захираларининг қарийб ярми - 640 миллиард доллардан 300 миллиард доллари блоклангани ҳақида маълум қилган.

Газ учун тўлов илк бор рублда амалга оширилиши 2019 йил мартида кузатилган, ўшанда «Газпром экспорт» 80 млн куб метр газни Германиядаги ҳабга етказиб берганди. Компания раҳбари Елена Бурмистрова ўшанда бу келишув «рамзий маънога эгалиги»ни айтганди.

Ҳозирда Россия бир ойда тахминан 10 млрд долларлик газ экспорт қилади. Уруш ҳолатига қарамай, Европага Украина орқали газ етказиб берилиши давом этмоқда.

kun.uz дан олинди.  


Бошқа мақолалар