Германияда автомобиль одамлар тўдасига урилди


  • 4 Март, 2025
  • 25

Германиянинг Мангейм шаҳрида Розенмонтаг – Пасхадан олдинги энг сўнгги душанба кунида фожеали ҳодиса содир бўлди. Автомобиль катта тезликда одамлар тўдасига урилиши натижасида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар бор.

Bild ва dpa агентликлари хабар беришича, ҳодиса оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмган. Яна 25 киши турли даражадаги жароҳатлар олган бўлиб, уларнинг 15 нафари оғир аҳволда. Полиция ҳозирча фақат битта ўлим ҳолатини расман тасдиқлади.

Ҳодиса шаҳарнинг марказий майдонида карнавал юриши вақтида содир бўлган. Шунингдек, полиция фуқароларни эҳтиёткорликка чақирар экан, Мангейм марказидан узоқроқ бўлиш ва уйдан чиқмасликни тавсия қилган. Ҳозирда вазият "ҳаёт учун хавфли" деб баҳоланмоқда.

Кейинроқ ҳодисани 40 ёшли Германия ватандоши содир этгани аниқланди. У Рейнланд-Пфальц федерал ҳудудидан бўлиб, ёлғиз ҳаракат қилган. Қўлга олинган шахс ҳозирда жароҳатлари сабаб касалхонада.

Сўнгги ҳафталарда Германияда бир нечта шундай ҳодисалар қайд этилган. 2024 йил декабрь ойида Магдебург шаҳрида асли саудиялик 50 ёшли психиатр-шифокор Рождество бозорига машина ҳайдаб кириб, олти кишини ўлдирган.

Февраль ойида эса 24 ёшли афғонистонлик қочқин Мюнхенда намойишчилар гуруҳига машинаси билан урилиб, ёш аёл ва бир бола ҳалок бўлган эди.


Бошқа мақолалар