- 2013-11-29
Туркистон вилоятида қисқа вақт ичида ёққан кучли ёмғир натижасида 5 та қишлоқ сув остида қолди.
Кучли ёғингарчиликдан кейин кўчалар лойқа сув билан тўлди. Шарапхана (Шарафхона) қишлоғидаги бир чўпоннинг 400 та қўйидан ярми сув остида қолиб ўлди.
Қазиғурт туманида жабр кўрган аҳолидан бири бўлган Газиза Батирханова “Сув кўкрагимизгача етган эди. Биз ваҳимага тушиб нима қилишни билмай қолдик, кейин болалар билан ташқарига мол-қўйларни қутқариш учун чиқдик. Эшикни очдик, деворни буздик. Яна одамлар югуриб келишди, улар ҳам ёрдамлашди. Агар улар бўлмаганида бутун молларимиз сув остида қоларди” деб гапирди.
Зарар кўрган қишлоқ аҳолиси ўз кучи билан сел оқибатларига қарши курашмоқда. Уй ва томорқани лойқа босиб қолган. Буларни тозалаш учун бир неча кун кетиши мумкин.
Ушбу қишлоқ тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, доим сел хавфи остида яшайди. Туманда махсус сел ўтказувчи тизим ишлаб келмоқда эди. Йўл қурилиши натижасида унинг фаолияти бузилган. Маҳаллий аҳоли “Бу ерда туннел бор эди. Улар уни кўмиб, кичик тешик қолдиришди. Қурувчиларга бу мумкин эмас, сел келганда ҳамма сув қишлоққа кетади, деб айтдик. Арз қилиб бормаган одамимиз қолмади. Ҳеч кимнинг иши бўлмади” деди.
Ҳукумат вакиллари сўзига қараганда, улар бундай ёғингарчиликка тайёр бўлишмаган. Ҳозирда кўрилган зарар ҳисобланиб, тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Бутун жавобгарчилик маҳаллий ҳокимчилик зиммасига юкланди. Сел босган қишлоқлардан 50га яқин одам эвакуация қилинган. Кучли ёмғир Қазиғурт ва Сариағаш туманларининг жами бешта қишлоғига зарар етказди.