- 2017-12-30
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифи билан Анқарага борди. Тўқаев билан бирга Туркияга савдо ва интеграция вазири Бахит Султанав, ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, маданият ва спорт вазири Даурен Абаев, ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Асқар Омаров, саноат ва инфраструктура ривожланиш вазири Қаирбек Ускенбаев, экология, геология ва табиий заҳиралар вазири Серикқали Брекешов, қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашукеев, рақамли технология ва аэрокосмик саноат вазири Бағдад Мусин, мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов, таълим ва билим вазири Асхат Аймағамбетовлар ҳам делегация таркибига кирди.
Икки ўлка орасидаги кенгайтирилган йиғилишда ахборот технологиялари, кўкаламзорлаштириш, қишлоқ хўжалиги, ҳарбий разведка, халқаро юк ташиш, божхона жараёнларини осонлаштириш бўйича муҳим келишувлар имзоланди.
Эрдўғон Тўқаев билан бирга ўтказган матбуот анжуманида икки ўлка орасида 10 миллиард долларлик тижорат ҳажмини режалаштираётганликларини, бу борада 15 та янги келишув имзоланганини айтди.
Тўқаевнинг Туркияга президент сифатида илк расмий зиёрати эканлигини ва Тўқаев билан делегациясини меҳмон қилишдан мамнун эканлигини билдирган Эрдўғон: “Қозоғистон биз учун қандай ота юртимиз бўлса, Туркия ҳам қозоғистонликларнинг худди шундай иккинчи уйи ҳисобланади. Яна бир бор таъкидлайман, қозоғистонлик қардошларимизнинг тинчлик ва хавфсизлиги, барқарорлиги учун масъулиятни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз” деди.
Тўқаев ҳам ўз чиқишида: “Бугун биз муҳим масалалар бўйича батафсил музокаралар ўтказдик. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон доно ва ҳурматли сиёсатчи. Шу сабабли унинг фикрлари катта аҳамиятга эга. Қозоғистон халқи Туркиянинг биринчи бўлиб мустақиллигимизни тан олганини эсдан чиқармайди. Қозоғистон ва Туркия умумий тарихий илдизларга эга қардош ҳамда дўст ўлкалардир” деб гапирди.
Туркиянинг ўз имкониятлари билан ишлаб чиқараётган “Togg” автомобили Қозоғистон рақамли технология ва аэрокосмик саноат вазири Бағдад Мусинга жуда ёқиб, ҳамкорликни таклиф қилди.
Икки ўлка президентлари матбуот анжуманидан сўнгра стол тенниси ўйнаб дам олишди. Стол тенниси Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг севимли ўйинларидан бири бўлиб, у 13 йил ушбу спорт федерациясига раҳбарлик қилган.