Россиядан ғарбга таҳдид


  • 28 Июнь, 2022
  • 211

Украинага қарашли бўлган яриморол Қрим 2014 йил 18 мартда Россия ташвиқоти билан ўтказилган референдумда расман Россияга қўшилганди. Украинанинг Қримни қайтариб олиш бўйича уринишларини қўллаб-қувватлаётган ғарб ўлкаларига Россиядан оғир таҳдид келди. Россия хавфсизлик кенгаши раис ўринбосари Дмитрий Медведев “Қримга қўл узатиш ўлкамизга қарши уруш эълонидир. Агар буни НАТО аъзоси бўлган давлат амалга оширса, бу бутун шимолий Атлантика альянси билан учинчи жаҳон уруши бошланади деганини англатади” деди.

2014 йил 17 мартда Россия президенти Владимир Путин референдум натижаларига кўра Украинага қарашли бўлган Қримни ўз таркибига қўшиб олиш ҳақидаги фармонга имзо чекиши билан Қрим расман Россия федерацияси таркибига кирганди.

БМТ хавфсизлик кенгаши 27 мартда Қрим референдумини ноқонуний эканлигини билдирувчи қарор чиқарганди. Шу санадан эътиборан Украина ғарб ўлкалари дастаги билан Қримни қайтариб олишга уринишдан тўхтагани йўқ.

Россиянинг Қримни қайтариб олиш уринишларига тўғридан-тўғри жавоб қайтаришини маълум қилган Медведев “Қрим биз учун Россиянинг бир парчасидир. Қримга қўл узатиш ўлкамизга қарши уруш эълонини англатади. Агар буни НАТОга аъзо бўлган давлат амалга оширса, бу бутун шимолий Атлантика альянси билан учинчи жаҳон уруши бошланишини билдиради. Бу жуда катта фалокатдир” деб гапирди.

Украина, Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиш эҳтимолининг ўзлари учун туғдирадиган хавфлардан гапирган Медведев “Биз учун Украинанинг НАТОга қўшилиши Финляндия ва Швециянинг қўшилишидан кўра кўпроқ таҳликали. Бу ўлкалар билан авваллари яхши алоқада эдик. Шу онда ер борасида келишмовчиликларимиз йўқ. Лекин Швеция ва Финляндия чегарамизга яқин қўшнилар. Бу чегараларни мустаҳкамлашимиз лозим. Балтика денгизининг ядродан холи бўлиши тарихда қолиб кетди. Қуруқликдаги ва флотдаги кучларимиз шимол тарафларда орттирилади. “Искендер” гипертовушли ракеталаримиз ва ядро қуролли кемаларимиз уйларининг остонасида туриши яхши эҳтимол эмас” дея НАТОга аъзо бўлишга ариза берган икки ўлкага пўписа қилди.

Бундан ташқари Медведев Калининграддан Россияга темир йўл қатновларини тўхтатиб қўйган Литвага норозилигини билдириб, ушбу қарорга тўғридан-тўғри Литва масъул бўлишини айтди.


Бошқа мақолалар