- 2018-07-16
Швеция парламенти антитеррор қонунчиликни кучайтирадиган ўлканинг конституциясига киритиладиган ўзгартиришларни маъқуллади. Янги қонун “террор фаолияти билан боғлиқ гуруҳларнинг эркин тўпланишларини чеклайди.”
Ушбу ўзгартиришлар Туркия туфайли киритилмоқда. Чунки Туркия скандинав қироллигининг НАТО таркибига кириш бўйича аризасини блоклаб қўйганди. Энди Швецияга Анкара террор ташкилоти ҳисоблайдиган курд ишчи партияси (РКК) билан боғлиқ бўлган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғаши осон бўлади.
Ушбу ўзгаришлар 2023 йил 1 январдан кучга киради.
Ўтган ҳафта Швеция бош вазири Ульф Кристерссон Туркияга хизмат сафарида ҳукумат терроризмга қарши курашни кучайтириш қарорида қатъий эканлигини таъкидлаганди.
Швеция анча вақтдан бери нафақат Туркия, балки АҚШ ва Бельгия ҳам террорист деб атаган ташкилотларга бошпана бериб келаётганди. Россия Украинага ҳужум қилганидан кейин вазият кескин ўзгарди. Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, лекин унинг номзодини Туркия блоклаб қўйди.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Швеция ва Финляндия давлатлари Туркия террорист деб ҳисоблайдиган қидирувда бўлган шахсларни қайтариб бериш бўйича Анкара билан келишувдаги ўз вазифаларини бажармаса, иккала ўлканинг НАТОга аъзо бўлишини блоклаб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.