Марокко футболчиларидан совға


  • 23 Декабрь, 2022
  • 162

Марокко терма жамоаси футболчилари Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионатидан тушган барча маблағни ўлкасидаги камбағал оилаларга совға қилишга қарор беришди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда журналист Халид Бейдун маълум қилди.

Африка жамоаси турнирда тўртинчи ўринни эгаллади. Бронза медаль учун бўлган курашда марокколиклар Хорватия терма жамоасидан 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Марокко футболчилари чемпионатдаги иштироки учун жами 25 миллион доллар мукофот пули олганди.

Бейдун аввалроқ Марокко терма жамоаси ярим ҳимоячиси Ҳаким Зияш ўлкасининг камбағал оилаларига 325 минг доллар хайрия қилганлигини ёзганди. Энди бутун терма жамоа ундан ўрнак олган ҳолда 25 миллион доллар маблағни моддий аҳволи яхши бўлмаган ватандошларига хайрия сифатида бермоқда.

Жаҳон чемпионати ғолиби эса Аргентина терма жамоаси бўлди. Улар финал матчида Франция терма жамоасини ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида мағлубиятга учратиб, тарихида учинчи марта жаҳон чемпиони бўлди.

Турнир натижаларига кўра, энг яхши дарвозабон Эмилиано Мартинес (Аргентина), энг яхши ёш ўйинчи Энцо Фернандес (Аргентина), энг яхши тўпурар Килиан Мбаппе (Франция), турнирнинг энг яхши футболчиси эса Лионель Месси (Аргентина) бўлди.


Бошқа мақолалар