Туркистонда Аднан Мендересга ҳайкал қўйилди


  • 6 Март, 2023
  • 165

Туркистон шаҳрида Халқаро қозоқ-турк университети ёнидаги хиёбонда Туркиянинг давлат ва жамоат арбоби Аднан Мендересга ўрнатилган ҳайкал очилиши бўлиб ўтди. Тадбир Қозоғистонда миннатдорчилик кунида бўлиб ўтди.

Ёдгорлик очилишида вилоят ҳокими Дархан Сатибалди, Х.А.Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети ректори Жанар Темирбекова, ректор вакили Пеями Баттал ва шаҳар аҳолиси иштирок этди.

Вилоят ҳокими қардош давлат билан маънавий алоқаларни Туркистон шаҳрида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Дархан Сатибалди “Барчамизга маълум, Аднан Мендерес жаҳон миқёсидаги сиёсатчи бўлиб, Туркия бош вазири лавозимида фаолият юритган. У турк халқлари учун умумий фигура ҳисобланади. Ўтган асрнинг 50-йилларида тўрт йил давом этган қозоқларни Туркияга кўчириб келиш жараёнига бошчилик қилган. Шунинг учун ўша йиллари қозоқ халқига ғамхўрлик қилган инсон Аднан Мендереснинг исмини унутмаслигимиз керак. Шу билан боғлиқ ҳолда ўтган йили президентимиз Қосим-Жўмарт Тўқаев кўрсатмасига биноан Туркистон шаҳрининг кўчаларидан бирига Аднан Мендерес номи берилди.

Бу йили Туркияда даҳшатли зилзила юз бериб, турк биродарларимиз зарар кўришди. Бу қийин вақтда Қозоғистон халқи ёрдам бериб, қўллаб қувватлади. Бу икки қардош ўлка орасидаги теран алоқанинг белгиси” деди.

Тадбир иштирокчилари ҳайкал ёнига дарахт ўтқазишди.

Эслатиб ўтамиз, Аднан Мендерес турк сиёсатчиси бўлиб, 1950-60 йилларда Туркия бош вазири бўлган. Мендерес 1952 йили Покистондаги қозоқ халқини Туркияга кўчиришга бошчилик қилган. 


Бошқа мақолалар