Туркистон вилоятида бўрон


  • 5 Май, 2023
  • 168

Туркистон вилоятида талофатли бўрон давом этмоқда. Бўрон марказида Кентау шаҳри қолиб кетди.

Кентау шаҳрида бўрон 4 май куни эрталаб бошланиб, бирданига шаҳар ҳаётини фалаж қилиб қўйди.

Шамол кучи баъзи жойларда секундига 57 метр (205 км/соат) тезликка етиб, турар жойлар ва давлат муассасаларининг томларини осонлик билан учириб кетмоқда. Ибрай Алтинсарин номли 1-мактаб ўқитувчиси мактаб томидан учиган том бўлаклари остида қолиб кетди. У бу вақтда мактаб ҳовлисида бўлган. Ўқитувчи касалхонага мия чайқалиши ташхиси билан етказилди. Мактабда бошқа жабрланганлар бўлмади. Ўқувчиларни уйларига қайтариб юборишга улгурган эди.

Кентау шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Серик Толегенов “Кеча шамол кучи секундига 40 метр тезликка эга бўлиши ҳақида огоҳғлантирувчи хабар келганди. Бугун эса шамол секундига 57 метр тезликка эга бўлганлигини ҳақида маълумот келди. Эртага шамол секундига 61 метр тезликда эсиши кутилмоқда. Эртанги кунга тайёргарлик кўряпмиз” деди.

Аввалроқ Чимкент шаҳридаги барча мактаб ва болалар боғчаси масофавий ўқитиш тизимига ўтказилгани маълум бўлганди. Коммунал хизмат ходимлари кучайтирилган тартибда бўрон оқибатларини ўнглашга киришган.

Туркистон шаҳрида ҳам кучли шамол оқибатида Аҳмад Яссавий музейининг томи қисман зарар кўрган.

Туркистонликлар сўзига қараганда, музей бошидан хатоликлар билан қурилган. Ёмғирли ҳавода музейнинг томидан чакка ўтиши кузатилган.

Туркистон вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати “Жорий йилнинг 4 май куни соат 16:15 да кучли шамол туфайли Аҳмад Яссавий музейи биносининг томининг баъзи жойлари учиб кетган. Шамол учириб кетган жойнинг умимий майдони 809 квадрат метрни ташкил қилади. Музейда таъмирлаш ишлари шамол бутунлай тўхтагандан кейин амалга оширилади” деб хабар берди.

“Қазгидромет”нинг вилоят бошқармаси хабарига кўра, 4 майда Туркистонда шамол кучи секундига 25 метргача етган.

Кўрилган зарарларни ҳисоблаш учун махсус комиссия тузилди. Лекин мутахассислар зарарни ҳисоблаш учун шамол тўхташини кутишга мажбур.


Бошқа мақолалар