- 2024-10-17
23 август куни Ҳиндистоннинг “Викрам” аппарати “Прагьян” номли ойюрар билан Ой юзасига муваффақиятли қўнди. Парвоз трансляцияси Ҳиндистон космик тадқиқотларни ташкиллаштиришнинг YouTube каналида олиб борилди. Миллионлаб кишилар парвозни жонли эфир орқали кузатишди.
“Чандраян-3” автоматик станцияси 14 июль куни учирилиб, 5 август куни Ой орбитасига кирди. Аппарат Ойга яқинлашиш учун бир неча манёврлар қилиб, Ой юзасига100 кмгача яқинлашди. Станциядан 17 август куни ажралиб чиққан “Викрам” аппарати қўниш учун иккита операцияни амалга оширди.
Ойюрар орқали Ой юзасининг элемент таркиби бўйича муҳим маълумотлар қўлга киритилиши кутилмоқда. Аппаратга альфа-зарралар учун рентген спектрометри, лазерли кўрсатувчи спектроскоп ўрнатилган.
Ҳиндистон СССР, АҚШ ва Хитойдан кейин Ой юзасига аппарат қўндирган тўртинчи ўлка ҳисобланади. Бундан ташқари Ойнинг жанубий қутбига аппаратини муваффақиятли қўндирган дунёнинг илк давлатидир.
Россия ҳам Ойнинг жанубий қутбига космик аппарат қўндиришга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин Ҳиндистоннинг “Чандраян-3” билан бир вақтда Ойга яқинлашган Россиянинг “Луна-25” станцияси Ой юзасига урилиб ҳалокатга учради.