Фаластин-Исроил тўқнашуви урушга айланди


  • 9 Октябрь, 2023
  • 278

Хамаснинг қуролли қаноти Иззаддин Қассам бригадаси Исроилга ҳужум қилди. 300 нафар Исроил аскари ўлдирилди, 100 нафари асир олинди. Исроил ҳам расман уруш эълон қилди. Ғаззони тинч аҳолига қарамай ёппасига бомбардимон қилди.

Ғаззодан йўлга чиққан Қассам ҳарбийлари саҳарлаб денгиз, ҳаво  ва қуруқликдан Исроил ичига сизди. Соат саҳар 04:00 да бошланган сизиш соат 6 да отилган 5 минг ракета билан урушга айланди. Уч соат ичида 14 та аҳоли пунктида назорат ўрнатган фаластинлик жангчилар 300 Исроил аскарини ўлдириб, 100 нафарини асир олди.

Маълум бўлишича, бу ҳужумга икки йилдан ортиқ вақт тайёргарлик кўрилган ва бундан бир неча кишидан ташқари ҳатто Хамас бошқарувининг ҳам хабари бўлмаган. Хамас Исроилдан масжиди Ақсо провакацияларини тўхтатилиши, фаластинлик асирларнинг озод этилиши ва Ғаззо қамалининг бекор қилинишини талаб қилмоқда. Исроил ҳукумати жавобан “Темир қиличлар операцияси”ни бошлаб, тинч аҳолини нишонга олди. Натижада 232 киши шаҳид бўлди ва 1610 киши жароҳат олди.

Фаластинлик фаол Муҳаммад Мишниш Исроилнинг таҳдидларидан қўрқмасликларини айтди. Ҳужумнинг 50 йил олдинги 7 кунлик урушнинг бошланган кунига тўғри келганлигига диққат қаратган Мишниш “Исроилнинг бундан аввалги қатлиомларидан ҳам ортиқ ваҳшийлик қилиш эҳтимоли юқори. Лекин Нетаняҳу халқи томонидан норозилик кўрсатилаётган шахс. Бундан ташқари армиясида ҳам исёнлар тўхтамади. Шу он 200 минг заҳира аскарни хизматга чақирди. Фаластин аҳолиси ойлар мобайнида давом этадиган урушга ҳам тайёр. Чунки йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ” деди.

Хўш, Хамас ўзи нима? Тарихи қандай, асосчилари ким?

1987 йили Фаластинда “Мусулмон биродарлар” ташкилоти бошчилари тарафидан асос солинган. Исроил ишғол қилиб олган Фаластин тупроқларида фаолият юритган Хамас ҳаракати бир қатор ислом ўлкалари билан яхши алоқалар ўрнатган бўлса, ғарб ўлкалари эса “тақиқланган ташкилот”, “террор ташкилоти” деб баҳолаган. Хўш, Хамас асли қандай, асосчиси ва бошчиси ким?

Хамас Фаластинда ташкил этилган исломий қаршилик ҳаракатидир. 1987 йили Исроил ишғолига қарши ташкил этилган. Хамас Фаластин халқининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Исроил ишғолини тугатиш ва мустақил Фаластин давлати қуриш учун курашмоқда. Хамас ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий ташкилот сифатида фаолият кўрсатмоқда. Сиёсий қаноти 2006 йилги сайловда Фаластин мажлисининг кўпчилигини ташкил этди. Ҳарбий қаноти эса Исроилга қарши қуролли ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хамас баъзи ўлкалар тарафидан террор ташкилоти деб баҳоланишига қарамай, ўзини қонуний қаршилик ҳаракати деб билади.

Хамаснинг қуролли қанотига Иззаддин Қассам дея ном берилишига сабаб Иззаддин ал Қассам Фаластиннинг мустақил ва исломий ўлка бўлиши учун фикран интилган ва ушбу курашни қуролли қаршиликка айлантирган илк иштирокчидир.

Исроил тарафидан аниқланишининг олдини олиш учун тарқоқ ва ҳужравий асосда иш юритади. Ҳамма бир-бирини танимайди. Жангчиларнинг баъзилари Ливаннинг жанубида Хизбуллоҳ тарафидан таълим олган.


Бошқа мақолалар