Қозоғистон ягона минтақасига ўтади


  • 8 Декабрь, 2023
  • 126

Қозоғистон ягона соат минтақасига ўтиши мумкин. Ҳукумат қарорининг тегишли лойиҳаси порталда эълон қилинди.

Агар ҳужжат қабул қилинадиган бўлса, 2000 йилги “Қозоғистон республикасида вақтни ҳисоблаш тартиби ҳақида”ги Қарорига ўзгартириш киритилади.

Янги қарорда “Қозоғистон республикасининг бирламчи давлат эталони бўлган вақт ва частотаси билан Қозоғистон республикасида вақтни ҳисоблаш халқаро соат минтақаси тизими бўйича ўтказилиши белгилансин” дейилган.

Ҳужжатга жорий йилнинг 22 декабригача овоз бериш мумкин. Агар қозоғистонликлар маъқуллайдиган бўлса, Астана, Алмати, Чимкент ва яна 12 та вилоятда соатлар сурилади.

Қарорда “Астана, Алмати, Чимкент шаҳарлари ва Абай, Ақмўла, Алмати, Жамбил, Жетису, Қарағанда, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Улитау, Шарқий Қозоғистон вилоятлари ҳокимиятларига 2024 йил 29 февралдан 2024 йил 1 мартга ўтар кечаси (00:00 да) маҳаллий вақтни 1 соат орқага силжитиш вазифаси юклатилсин” дейилган.

Қозоғистонни ягона соат минтақасига ўтказиш ҳақида бу йил кўп гапирилганди. Йил давомида турли соҳалардаги қозоғистонлик олимлар ва мутахассислар Қозоғистон ҳудудида ягона соат минтақаси татбиқ этиш масаласини ўрганишди. Бугунги кунда Қозоғистонда иккита UTC+5 ва UTC+6 соат минтақалари қўлланилади. Ўлканинг катта қисми (ғарбий вилоятларидан ташқари) UTC+6 соат минтақаси ҳудудида яшайди.

Олимларга кўра, UTC+6 соат минтақаси табиий қуёш вақтига мос келмайди ва бу одамнинг биологик ритмларига ҳамда соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.


Бошқа мақолалар