- 2017-09-22
Энди Ўзбекистонда мопед ва скутерларни рўйхатга олиш мажбурий бўлди. Бу ушбу транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан кўплаб йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ.
Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонда мопед ва скутерларни рўйхатдан ўтказиш ҳақида ҳужжат лойиҳаси эълон қилинганди. Бир неча кун аввал йўл ҳаракати қоидасига ўзгартиришлар киритилди.
Энди соатига 25 км дан 50 кмгача тезликда ҳаракатланадиган мотор ҳажми 25 дан 50 кубгача бўлган транспорт воситалари мопед деб ҳисобланади. Буларга трицикл, квадроцикл ва бошқа транспорт турлари киради.
Электромоторининг қуввати 0,25 кВт дан 4 кВтгача бўлган транспорт воситалари скутер деб ҳисобланиб, уларнинг тезлиги соатига 25 дан 50 кмгача бўлиши керак. Кўрсаткичлари юқорида айтилганлардан ортиб кетадиган транспорт воситалари электромотоциклга тенглаштирилади.
Мопед ва скутерларнинг давлат рақам белгилари ўхшаш бўлиб, юқори қаторида учта ҳарф жойлашади. Скутерлар яшил фонда бўлиб, вилоят коди билан белгиланади.
Ўзбекистонда мопед ва скутерларни рўйхатдан ўтказиш муддати 2025 йил 1 январгача этиб белгиланди. Бу санадан кейин рақамсиз ҳолда мопед ва скутерларни бошқариш тақиқланади.