Чақмоқ салтанати


  • 16 Февраль, 2024
  • 56

Венесуэлада Кататумво дарёсининг Маркайба кўлига қуйилиш ҳудудида сирли ва жуда чиройли табиат манзараси - чақмоқ ҳодисаси рўй бериб туради. Олимларнинг кузатишича, бу ерда соатига 300 мартагача яшин чақнайди ва одатда бутун тун бўйи давом этади.

Беш километрлар чамаси баландда ёрқин осмон ёришиши - чақмоқ пайдо бўлиш белгиси ҳисобланади. Осмон аввал қизғиш рангга, сўнгра алвон тусга киради, бир неча дақиқадан сўнг сарғиш кўриниш олади. Манзара кишини ҳайратга солиб мафтун этади, шу билан бирга ҳушёр торттириб, даҳшатга туширади: чақмоқ чақиш бошланади. На момақалдироқ, на бирор овоз эшитилади, ранг-баранг шаклдаги яшин бир йилда 200 мартагача содир бўлади, энг ажабланарлиси, бу фақат тунда рўй  беради.

Ноёб табиат ҳодисаси пайдо бўлиши ҳақида олимларнинг фикри ҳар хил. Бири бунга сабаб шамол ҳаракати, деса, бошқаси кўл тубидан метан сизиб чиқиши, учинчиси “Ҳудуд тупроғида уран кўплиги чақмоқ пайдо бўлишига олиб келади”, дейди. Уран катта миқдорда озон ҳосил қилиш манбаи ҳисобланади. Ҳосил бўлган чақмоқ гази қуёш ультрабинафша нурларини ўтказувчи озон туйнугини ёпишга хизмат қилади.

Ушбу озонатор сирини аниқлаш учун сув тубига туширилган махсус ғаввослар экспедицияси илмий кузатувлари ҳозирча натижа бергани йўқ.

Т.Шомуродов тайёрлади.


Бошқа мақолалар