- 2018-04-09
Ҳаммамиз ҳам тушимизда танимаган одамларимизни кўра оламиз, тўғрими. Бу табиий ҳол. Лекин сиз кўрган номаълум шахсни бир-бирларига нотаниш ва узоқларда яшайдиган бир неча одам кўрса, буни қандай изоҳлаган бўлардингиз? Унда сизга бир ғайри оддий воқеа ҳақида ҳикоя қилайлик.
АҚШлик бир аёл 2006 йилда ўз психиатрига тушида кўрган номаълум бир шахсни тасвирлаб беради-да ҳалиги шахснинг фотороботини чиздиради. Албатта, бунинг ҳеч қандай ҳайратланарли томони йўқ. Лекин дунёнинг фарқли шаҳарларида яшовчи 2000 одам тушларида худди шу расмдаги башарани кўрганини айтганидан кейин ҳалиги сурат атрофида катта шов-шув кўтарилади. Катта кўчалардаги бекатларга “Сиз ҳам кўрганмисиз?” деган афишалар илина бошлайди.
“Қаерда кўргансиз: тушда ё ўнгда? Агар кўрган бўлсангиз шахсан менга ёки thisman.org сайтига боғланинг. Дунёда минглаб одамларнинг оғирини енгил қиласиз. Чунки бу инсонлар ҳеч ким танимаган, кўрмаган номаълум шахснинг ҳар кеча тушларига киришининг сабабини билолмай ҳайронлар. Қўлимизда фақат қўлда чизилган тасвири бўлган шахснинг бошқалардан фарқи нимада?”
Ушбу саволга жавоб топган киши Нобель мукофотини олгандек ҳурматга сазовор бўлади. Исми, ёши ёки кимлиги номаълум бўлган бу шахсни илк бор “кўрган” аёл 2006 йил январда Нью-Йоркнинг машҳур психиатрларидан бирининг эшигини қоқди. Номаълум шахснинг тасвирини чизиб, унинг бир неча бор тушига кирганини ва бу шахсни умуман танимаслигини айтган. Бу шахс ҳар сафар тушига кирганида аёлга ҳаётида нималар қилиши кераклиги ҳақида тавсиялар берган.
Худди шу одам бошқа тушларда
Кунлар ўтиб, психиатрга келган бошқа киши ҳам тасвирдаги ҳалиги шахсга кўзи тушади-ю уни бир неча бор тушида кўрганини айтади. Психиатр бу тасвирни ҳамкасбларининг эътиборига ҳавола қилади. Психиатрлар кабинетларига бу тасвирни осиб қўйишади. Буни қарангки бир неча кунда ҳар бирига келган пациентлардан яна бир нечаси худди шу шахсни тушларида кўрганлигини айтиб докторларни лол қолдиради. 2006 йил январдан буён камида 2000 киши бу шахсни кўрганлигини иддао қилган. Бунинг устига фақат Нью-Йоркда эмас. Лос-Анжелес, Берлин, Сан-Паулу, Теҳрон, Пекин, Рим, Барселона, Стокгольм, Париж, Нью-Дели, Москвада ҳам... Лекин ҳаммасининг саволи бирдай: Бу сочлари ярми тўкилган, қошлари туташиб кетган, лабининг устки қисми ингичка, қулоқлари катта-катта, корачадан келган одам ким? Нима учун ҳамманинг тушига киряпти? Мутаҳассислар ушбу саволга жавоб топиш учун номаълум шахснинг таҳминий суратларини тушда кўрилган шаҳарларнинг марказидаги биноларга, дарахтларга ва ресторан эшикларига ёпиштириб чиқишди. Лекин ҳали-ҳануз ҳеч ким чиқиб “Бу менман” демади. Ҳеч ким уни кўчада ёки бошқа жойларда учратмаган. Фақат расман 2000 киши “thisman.оrg” номли интернет сайти орқали тушларида айни одамни кўрганликлари ҳақида сўз юритишган. Мақсадлари бу одамнинг нима учун дунёнинг турли шаҳарларидаги турли характер ва ўтмишга эга кишиларнинг тушларига кириб, ҳар хил хабарлар беришини тушуниш. Энди сиз ҳам бу шахсни тушингизда кўрсангиз нима қилиш кераклигини биласиз.
Қўрққанлар ҳам бор, ошиқ бўлганлар ҳам...
Қуйида “thisman.org” сайтидан жой олган тушлардан бир нечтаси келтирилган:
“Уни илк кўрганимда ошиқ бўлдим. Романтик сўзлари билан ақлимни олди...”
“Тушимда уни доим Қор бобо сифатида кўрардим. Ҳар гал жуда хурсанд бўлардим. Менга қараб куларди. Сўнгра боши шарга айланиб, учарди. Унга етишишга ҳаракат қилардим, лекин ета олмасдим...”
“Бу одам бразилиялик бўлиб, жуда келишган эди. Ўнг қўлида олтита бармоғи бўлган мактаб ўқитувчиси эди. Менга “Америкада ядро уруши бошланса, шимолга қоч” дерди.”
“Уни илк бор тушимда кўрганимда ҳаётимда жуда мураккаб пайтлар эди. Катта супермаркетда орқамдан қувиб юрди. Сўнгра мени тутиб олиб, кассага борадиган йўлни кўрсатди. Шундан бери бу одам қачон тушимга кирса, менга йўл кўрсатади.”
Теориялар кўпаймоқда
Кўпчиликнинг фикрича, тасаввуримизда баъзан юзага чиқадиган муайян бир шакл-шамойил бўлади. Бу ҳолат ҳис-ҳаяжонли ҳодиса, катта ўзгариш, стресли ҳоллар каби ҳислар таранг бўлган вақтда юз беради.
Баъзиларнинг фикрича, ҳақиқий ҳаётда бундай одам бор ва инсонларнинг тушларига кириб психологик таъсир кўрсатади.
Яна бир психо-социологик теорияга кўра, бундай одамни тушида кўрганидан таъсирланган инсонлар шунга ўхшаш тушлар кўриб, уни ўзи истамаган ҳолда феномен ҳолига келтирган.