- 2022-06-16
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний 19 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган колонияда вафот этди. Жазони ижро этиш федерал хизматининг хабар беришича, сайрдан кейин Навальний ўзини ёмон ҳис қилган ва ҳушини йўқотган, реанимацияда уни ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.
Сиёсатчи Алексей Навальний Ямало-Ненец автоном округидаги 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида вафот этди. Бу ҳақда Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати маҳаллий бошқармаси хабар берди.
“2024 йил 16 февралда 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида судланган Навальний А.А. сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилди ва дарҳол ҳушини йўқотди. Зудлик билан муассаса тиббиёт ходимлари етиб келиб, тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилди”, — дейилади бошқарма хабарида.
“Барча зарур реанимация чоралари кўрилган, бироқ ижобий натижа бермаган. Тез тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлашди. Ўлим сабаблари аниқланмоқда”, — дейилади хабарда.
Алексей Навальний 47 ёшда эди. 2023 йил август ойида у «экстремистик» иши учун 19 йилга махсус режимдаги колонияга ҳукм қилинганди. Бу сиёсатчининг сўнгги йиллардаги учинчи қамоқ муддати эди.
gazeta.uz дан олинди.