- 2024-09-20
Сицилиядаги унчалик катта бўлмаган Аликуди оролини ёввойи эчкилар босиб кетди. Оролда атиги 100 киши ва 600 дан кўп ёввойи эчки яшаб келмоқда. Бу эчкилар маҳаллий аҳолига жуда кўп ташвиш туғдирмоқда. Бунга қарши маҳаллий ҳукумат эчкилардан қутулиш учун янги акция ўйлаб топишди.
Маълум бўлишича, оролга эчкиларни 20 йил аввал бир фермер келтирган. Бироз муддат ўтгач, фермер эчкиларни оролга бўш қўйиб юборади. Эчкилар озодликда назоратсиз кўпайиб, деярли бутун оролни эгаллаб олишади. Эчкилар аҳоли яшаш жойларида эмин-эркин юриб, аҳолининг уйларига кириб кетмоқда. Тош деворларни бузиб, маҳаллий фаунани йўқ қилмоқда.
Маҳаллий аҳоли ўзлари эчкиларнинг кўпайиб кетиши чорасини топмагандан кейин мэр Риккардо Гулло “эчки асраб олиш” дастурини эълон қилди. Бунга кўра, мурожаат қилган киши 50 тагача эчкини текин олиши мумкин. Бунинг учун ягона шарт қўйилган бўлиб, эчкиларни оролдан олиб кетиш учун қайиғи бўлиши лозим.
Эчкиларни асраб олишни истовчилар маҳаллий ҳокимиятга электрон почта орқали расмий сўровнома юбориб, 17 доллар атрофида бож тўлашлари кифоя. Ариза маъқуллангандан кейин эчкиларни тутиб оролдан олиб кетиш учун 15 кун муҳлат берилади.
Мэр Гулло “Биз акция ҳақида эълон берганимиздан кейин ўнлаб аризалар келиб тушди. Жумладан қўшни оролда эчки сутидан пишлоқ ишлаб чиқарувчи фермердан ҳам сўровнома келган” деди.
Эчкиларни тарқатиш акцияси оролда юзта эчки қолгунча давом этади. Ушбу кўрсаткич оролга келган сайёҳлар эчкилар билан суратга тушиш учун етарли бўлади.
Аввалроқ Колумбия ҳукумати ҳам бошқа ўлкалардан 70 та бегемотни олиб кетишларини сўраганди.