Туркистон аэропортида янги бўлим


  • 10 Май, 2024
  • 128

Туркистон вилояти ва шаҳри халқаро миқёсда танилган. Шунинг учун вилоят халқаро логистик хаб жойлаштириш учун қулай. Ўтган йил Қозоғистон орқали 8 миллиондан ортиқ жўнатмалар ўтказилган. Бу йил эса 2 миллион жўнатма Туркистон вилояти орқали ўтади.

6 май куни Туркистон халқаро аэропортида халқаро почта бўлими очилди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Дархан Сатибалди иштирок этди.

Вилоят ҳокими “Бугун биз тарихий воқеага – Туркистон халқаро аэропортида халқаро почта бўлими очилганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу юк жўнатмалари ҳажми ошишига, солиқ ва божхона тўловлари тушишига, бизнес ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Хорижий ўлкалардан тўғридан-тўғри Туркистон юк жўнатмаларини юбориш имкони туғилди. Кеча “Turkish Cargo” авиакомпанияси бизнинг шаҳарга ўзининг биринчи рейсини амалга оширди. Келгусида бу рейсларни ҳафтасига икки марта амалга ошириш режалаштирилган” деб гапирди.

Очилиш маросимида “Қазпочта” ҲЖнинг бошқарув кенгаши раиси Асель Жанасова ҳам иштирок этди.

Жанасова “Президент кўрсатмасига биноан биз ўлкамизни катта транзит хабига айлантиришимиз керак. Хитойдан Европага ва Марказий Осиёга юкларни бизнинг ўлка орқали етказиб бериш имконияти бор. Биз жуда катта рақобат ичидамиз. Шунинг учун бугунги воқеани катта ютуқ деб ҳисоблашимиз мумкин. Биз ўтган ҳафта Хитойнинг “Cainiao” логистика компанияси билан меморандум имзоладик. Натижада келгуси йилдан Қозоғистондан 9 та давлатга жўнатмалар юбориладиган бўлди. Шу тариқа биз Туркистонни транзит марказларидан бирига айлантирамиз” деди.

Эслатиб ўтамиз, Туркистон аэропорти учта халқаро (Истанбул, Қувайт, Абу-Даби) ва олтита ички (Астана, Алмати, Ақтау, Ақтўбе, Уральск, Қўстанай) авиайўналишни амалга оширади. Рейсларни Turkish Airlines, Jazeera Airways, Wizz Air Abu Dhabi, Fly Arystan, Scat, Qazaq Air авиакомпаниялари бажаради.

Аэропорт ҳафтасига 32 та рейсга хизмат кўрсатади. Ўтказиш қобилияти соатига 450 йўловчи ёки йилига 3 миллион йўловчини ташкил этади.


Бошқа мақолалар