Туркистонда етакчи Корея университети филиали очилди


  • 26 Сентябрь, 2025
  • 21

Туркистон шаҳрида Woosong University Kazakhstan Корея университети филиали очилиши маросими бўлиб ўтди.

Туркистон вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, янги олийгоҳнинг очилиши Қозоғистон ва Корея Республикаси ўртасида таълим ва фан соҳасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Тантанали маросимда Қозоғистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Ермек Кошербоев, Корея Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Чжо Тэ Ик, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек, Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кошеров, шунингдек, Woosong Таълим Фонди фахрий раиси ва бошқарув кенгаши аъзоси Ким Сон Кёнг иштирок этди.

Ўз нутқида Ермек Кошербоев филиал очилишининг тарихий аҳамиятини таъкидлади:

"Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим Жўмарт Кемелович Тўқаев топшириғига биноан мамлакатимизда етакчи хорижий олийгоҳлар филиалларини очиш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар турли форматда 40 та стратегик шериклик йўлга қўйилди, шундан 33 таси хорижий университетлар филиалидир. Бугун биз маънавий бой ва қадимий Туркистонда Корея Республикасининг етакчи университетларидан бири филиали очилишининг тарихий воқеасига гувоҳ бўлдик. Бу университет фақат таълим майдони эмас, балки халқаро ҳамкорлик, инновациялар ва юртимиз интеллектуал капитали шаклланадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган марказга айланади," — деди вице-премьер.

Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек эса Қозоғистонни Марказий Осиёнинг етакчи таълим марказига айлантиришга қаратилган лойиҳалар аҳамиятини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, хорижий университетлар филиаллари очилиши мазкур стратегик мақсадга эришишда асосий омил ҳисобланади. Янгидан фаолият бошлаган Woosong University Kazakhstan эса муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди.

Президент Қосим Жўмарт Тўқаев топшириғига асосан, ҳукумат томонидан халқаро таълимий ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий олийгоҳлар филиалларини очиш ва талабалар ҳамда ўқитувчиларнинг академик мобиллигини таъминлаш йўналишида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Маросим доирасида Woosong University Kazakhstan директори Хва Чон Ён университетнинг миссияси, асосий таълим дастурлари, илмий йўналишлари ва халқаро шерикликлари ҳақида маълумот берди.

Тадбир чоғида меҳмонлар университетнинг "Тилаклар китоби"га ёзув қолдирди, рақамли кутубхона, ўқув заллари ва замонавий аудиториялар билан танишди ҳамда талабалар билан учрашиб, уларга ўқишда омад тилади.


Бошқа мақолалар