Озарбайжон Францияга кескин жавоб берди


  • 17 Май, 2024
  • 127

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Франция ички ишлар вазири Жеральд Дарманеннинг баёнотини қаттиқ қоралаб чиқди.

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошчиси Айхан Гаджизода расмий Боку Озарбайжон билан Янги Каледония озодлиги лидерлари орасидаги муносабат ҳақида гапирган француз вазирининг асоссиз гапларини рад этишини билдирди.

Гаджизода “Яна бир бор француз томоннинг Озарбайжонга қаратилган ҳақоратомуз гапларини қоралаймиз ва бизнинг ўлкамизга қарши туҳмат кампаниясини дарҳол тўхтатишни талаб қиламиз” деди.

Унинг сўзларига кўра, Франция ички ишлар вазири бу гапларнинг ўрнига Парижнинг мустамлака сиёсати доирасида кўп йиллар давомида инсониятга қарши ишланган жиноятларини ёдга олгани маъқул.

Аввалроқ француз ҳукумати тартибсизликлар давом этаётган Янги Каледонияга ҳарбийларни жўнатишни маълум қилганди. Жеральд Дарманен Озарбайжонни ушбу ҳудуд озодлиги тарафдорларини қўллаб-қувватлашда айблаб, “баъзи сепаратистлар Озарбайжон билан келишиб олган” деганди. Лекин Озарбайжоннинг айнан қандай қилиб қўллаб-қувватлаётганини аниқ кўрсатмаганди.

Эслатиб ўтамиз, Франциянинг Тинч океанида жойлашган бир нечта оролдан иборат Янги Каледония мустамлакасида француз ҳукуматига қарши норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетганди. Янги Каледонияда озодлик учун намойишлар анча йиллардан бери давом этиб келмоқда. Каледониянинг аҳолиси 271 минг бўлиб, уларнинг 42%ини туб аҳоли бўлган канаклар ташкил этади. 24%и эса европаликлардан иборат.

Бу сафарги тартибсизликларга Париж томонидан сайлов тизимига ўзгартиришлар киритиши сабаб бўлди. Ушбу ўзгартиришларда охирги ўн йилда оролда яшаган европалик овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Бу эса аввалги 1994 йилгача оролда рўйхатдан ўтган ватандошларгина овоз бериш ҳуқуқига эга деган келишувга зид эди. Франция эса жаҳондаги энг катта никель заҳирасига эга бўлган мустамлакасидан айрилиб қолмоқчи эмас.


Бошқа мақолалар