Ереванда турк ва озар байроқлари йиртилди


  • 17 Апрель, 2023
  • 141

Арманистон пойтахти Ереванда ўтказилаётган оғир атлетика бўйича Европа чемпионатида номаълум шахслар илиб қўйилган Озарбайжон ва Туркия байроқларини йиртиб ташлашди. 

Озарбайжон ва Туркия байроқларининг йиртилган кадрлари интернетда тарқалиб кетди. Ушбу воқеадан кейин чемпионат ташкилотчилари Туркия байроғини алмаштиришди, Озарбайжон байроғини эса олиб ташлашди.

Шанба куни Арманистон пойтахти Ереванда Европа чемпионатининг тантанали очилишида Озарбайжон миллий байроғига қарши иғво уюштирилди. Ўлкалар тақдимотида саҳнага Озарбайжон байроғини ушлаган қиз кўтарилди. Ўша вақт ташкилотчилардан бири байроқни ундан тортиб олиб, ёқиб юборди. Сўнгра залдан қочиб чиқиб кетди. 

Ушбу ҳодисадан кейин Боку оғир атлетика бўйича Европа чемпионатидан ўз жамоасини қайтариб олишга қарор қилди.  

Озарбайжоннинг баёнотида миллий байроқ намойишкорона ёқилганлиги ва бу иш расмий шахс тарафидан қилинганлиги таъкидланди. 

Баёнотда “Ушбу ёввойи ҳаракат Арманистон бош вазири иштирок этаётган тадбирда юз бериб, арман жамоатчилиги тарафидан қўллаб қувватланди. Ушбу иғволи ҳаракат бажарувчисини қаҳрамонлаштириш этник нафратнинг яққол намунасидир. Бундай ҳатти-ҳаракатлар халқлар орасида тинчлик ва ўзаро ҳурматни тарғиб қилувчи спорт тамойилларига мутлақо зиддир. Спортни сиёсийлаштириш мутлақо мумкин эмас. Шу сабабли Озарбайжон ўз миллий жамоасини Еревандан чақириб олишга қарор қилди” дейилган. 


Бошқа мақолалар