Ливанда пейджер теракти


  • 19 Сентябрь, 2024
  • 37

Исроил Ливандаги Хизбуллоҳ аъзолари қўлланадиган пейджерларга кенг кўламда киберҳужум уюштириб, уларни портлатиб юборди. Терактда 2 нафари ёш бола бўлган жами 12 киши ҳалок бўлди. 200 нафари оғир, жами 2800 киши жароҳат олди.

Ливаннинг бир қатор вилоятларида ярим соат мобайнида пейджерларда портлаш юз берди. Уйларда, дўконларда, кўчаларда тасвирга тушиб қолган портлаш ҳолатларининг видеоси тарқалди. Ўлкада катта ваҳима бошланди. Касалхоналар қўли, юзи ва тос суягидан жароҳат олганлар билан тўлди. Халққа донорлик қони топшириши учун мурожаат қилинди. Яраланганлар портлашдан аввал пейджерга хабар келганлигини ва ортидан жиҳознинг қизиб кетганлигини айтишмоқда.

Бундан аввал бу каби теракт бўлмаганди. Портлашга пейджер батареяларининг ҳаддан ташқари қизиб кетиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Баъзи мутахассислар эса пейджерларни ишлаб чиқариш ва йиғиш вақтида ичига портловчи моддалар солиб қўйилганини таъкидламоқда.

“BBC”га интервью берган инглиз армиясининг портловчи моддалар бўйича собиқ мутахассиси пейджерларнинг ҳар бири ичига 10-20 грамм оралиғида ҳарбийларга оид портловчи модда жойлаштирилган бўлиши мумкинлигини айтди.

Шахси очиқланишини истамаган мутахассис портлаш “альфанумерик қисқа хабар” номи берилган сигнал билан фаоллаштирилган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Тайванлик ишлаб чиқарувчи ширкат асосчиси Сю Чинг Куанг портлатилган пейджерлар Европада Тайван фирмасининг савдо белгисидан фойдаланиш ҳуқуқига эга ширкат тарафидан ишлаб чиқарилганлигини таъкидлаб “Маҳсулот бизга тегишли эмас. Фақатгина жиҳоз устида бизнинг савдо белгимиз қўйилган” деди.

Ливан бош вазири Нажиб Микатий ва Хизбуллоҳ терактни Исроил уюштирганлигини айтмоқда.

Аввалроқ Хизбуллоҳ бошчиси Насраллоҳ Исроилнинг киберҳужумларидан сақланиш учун смарт телефонлардан воз кечиб, пейджерлардан фойдаланишга кўрсатма берганди.


Бошқа мақолалар