Туркистонга янги ҳоким


  • 3 Октябрь, 2024
  • 84

Азимбек Позилбекули Туркистон шаҳрига янги ҳоким этиб тайинланди.

Вилоят ҳокимининг кўрсатмаси Президент администрацияси томонидан маъқуллангандан кейин Азимбек Позилбекули Туркистон шаҳри ҳокими лавозимини эгаллади. Янги ҳокимни вилоят ҳокими Дархан Сатибалди фаоллар билан таништирди.

Туркистон вилояти матбуот хизмати “Шаҳар маслиҳат депутатлари Азимбек Позилбекулининг номзодини қўллаб-қувватлаб, унинг тайинлови учун овоз беришди. Вилоят ҳокими Дархан Сатибалди шаҳарнинг янги раҳбарига ишларига муваффақиятлар тилаб, унинг олдида Туркистон шаҳрини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар турганлигини таъкидлади” деб хабар берди.

Шаҳарнинг собиқ ҳокими Нурбол Турашбеков Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланди.

Нурбол Турашбеков ҳоким ўринбосари сифатида қишлоқ хўжалиги соҳаси, ер муносабатлари, табиий ресурслар ва табиатни муҳофаза қилиш соҳаларига кураторлик қилади.

Азимбек Позилбекули 1991 йил Қизилўрда вилоятининг Янги қўрғон туманида туғилган. Олий маълумотли бўлиб, Ал-Фаробий номидаги қозоқ миллий университети, Қизилўрда давлат университети, қозоқ давлат юридика университети ва “Болашақ” университетларини тамомлаган. Мутахассислиги: давлат ва маҳаллий бошқарув, иқтисодиёт, қурилиш, юриспруденция.

Меҳнат фаолиятини 2013 йил Қизилўрда ҳокимиятида ички сиёсат бўлимида мутахассис сифатида бошлади. Кейинчалик шу бўлимда етакчи ва бош мутахассис лавозимларида ишлади. 2015 йили Қизилўрда шаҳри ҳокимияти аппаратида инспектор-ташкилий бўлим бош инспектори лавозимига ўтди. Бундан ташқари, Миллий иқтисодиёт вазирлиги қошидаги қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш қўмитасида бош эксперт сифатида фаолият кўрсатди. 2017 йилдан инвестиция ва ривожлантириш вазирлигининг қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги қўмитасида бошқарма раҳбари лавозимида ишлади.

Саноат ва инфраструктуравий ривожлантириш вазирлигида бошқармаларда раҳбарлик, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлади.


Бошқа мақолалар