- 2015-03-04
“Қорачиқ” ўрта мактабининг 11-синф ўқувчиси Гулзода Рашидова оддий оиладан. Лекин ота-онаси фарзандларининг ўқишига алоҳида эътибор беради. Шунинг учун ўғил-қизлари мактабнинг аълочи ўқувчиларидан ҳисобланади. Бутун дунёга хавф солаётган юқумли касаллик туфайли мактабларда ўқув онлайн шаклда олиб борилаётганига қарийб бир йил бўлди. Бу даврда Гулзода баъзиларга ўхшаб мактаб машғулотларига беписандалик билан қарамади, аксинча ҳар доимгидан ҳам эътиборли бўлиб, кўпроқ якка тартибда билим олишини давом эттирди. Бадиий китобларга зеҳн қўйди, ўқиган китоблардан керакли хулосалар чиқариб, улардан ҳаётда фойдаланишга ҳаракат қилди. Компютер материалларидан унумли фойдаланди ҳамда “Елбасы медалi” лойиҳасидаги “Инстаграм” ижтимоий тармоғидаги бешта йўналиш бўйича пухта тайёрланиб, ўзи бажарган ишлар бўйича ахборат бериб борди. Булар қуйидаги йўналишлар: 1. Спорт. 2. Китоб ўқиш. 3. Ўз қобилиятини намоий этиш. 4. Миллий урф-одатлар. 5. Волонтёрлик.
Бунда кунига спорт билан шуғулланиб, оила аъзоларини ҳам жалб этди. Одатдагидан кўпроқ китоб ўқиди, қандолатчилик ва таом тайёрлаш маҳоратини намойиш этди. Б.Соқпақбаевнинг “Ўлганлар қайтиб келмайди”, Жуcипбек Аймаутовнинг “Қари хўжа”, шунингдек Лермонтов поэзияси билан пухта танишиб , бугуннинг долзарб мавзуси бўлган Питер Друирнинг “Ҳар кунги ёки 366 керакли маслаҳат мени кутмоқда” китобларини қунт билан ўқиб чиқди. Ўқувчилар мактабга карантин туфайли бормаган уч ой давомида уч нафар мактаб остонасига энди қадам қўйган болаларга карантин чораларига амал қилган ҳолда онлайн маслаҳатлар ёрдамида ҳарф ўргатди. Ва бу ишларини видео тасвирга тушириб, керакли сайтга жўнатиб турди. “Елбасы медалi “ доирасидаги комиссия бу материалларни кўриб чиқиб, Рашидова Гулзода Ирисқул қизини ғолиб деб топиб, бир неча дипломлар ҳамда сертификатлар билан тақдирлади. Бу танловга вилоятимиздан 538 нафар ўқувчи иштирок этиб, Кентау шаҳри ва қишлоқларидан 9 ўқувчи ғолиб чиқди. Шулардан бири бўлган Гулзода бронза “Елбасi медалi” совриндори бўлиб, эсдалик кўкрак нишони ҳам топширилди. Мукофотни Кентау шаҳри ҳокими Даурен Мақажанов топширди.
Гулзода бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. У изланишларини давом эттириб, келажакда Элбошининг олтин медалини қўлга киритмоқчи. Мактабни тугатгач, ҳуқуқ соҳасида ўқишга кириб, элимизда ҳалолликнинг янада барқарор бўлишига ҳиссасини қўшмоқчи. Ҳозирги текширув тестларида 110 балгача бўлган натижаларни қўлга киритмоқда.
Шу муносабат билан бунга ўз ҳиссасини қўшган “Қорачиқ” ўрта мактаби ўқитувчи-педагоглар жамоаси ҳамда ўқувчиларини табриклаймиз.