Туркистонда биринчи “Шинам мактаб” фойдаланишга топширилди


  • 17 Октябрь, 2024
  • 21

Туркистон шаҳрида 25 октябрь – Республика куни арафасида 2000 ўринлик биринчи шинам мактаб фойдаланишга топширилди. Замонавий мактабнинг очилиш маросимида Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди, таълим соҳасидаги фахрийлар ва мактаб ўқувчилари иштирок этди.

Дархан Сатибалди “Юртбошимизнинг ташаббуси билан ўлкамизда “Шинам мактаб” лойиҳаси ишга тушди. Бу доирада замонавий, илғор таълим шаклида дарс берадиган мактаблар қурилмоқда. Ушбу ташаббус таъмирталаб, уч сменалик мактаблар ва ўқувчиларга жой етмаслик каби муаммоларни ҳал этади. Жорий йилда вилоятда 17800 ўринлик 29 та шинам мактаб қурилиши давом этмоқда. Бугун биз булардан биринчи мактабни фойдаланишга топширдик. Янги мактаб фақатгина янги бино бўлиб қолмай, балки ривожланиш ва таълим учун қулай шарт-шароитлар шай қилиб қўйилган даргоҳдир”, деди.  

Янги мактаб шаҳарнинг иккита мактабига бўлган ортиқча юкламани енгиллатади. Биринчи навбатда бу ўқув даргоҳига 28-рақамли мактаб-лицей ўқувчилари ўтказилди.

Фан кабинетлари билан жиҳозланган янги мактаб биноси шаҳарнинг янги қурилаётган қисмида жойлашган. Мактаб юқори тезликли интернетга уланган бўлиб, бошланғич ва юқори синф ўқувчилари алоҳида блокларда таълим олишади.


Бошқа мақолалар