Туркистон вилояти делегацияси Туркияда


  • 17 Декабрь, 2024
  • 46

Туркистон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зулпихар Жолдасов бошчилигидаги делегация Туркияга хизмат сафари билан бориб, у ерда TURSAB сайёҳлик ассоциацияси президенти Фируз Боғлиқоя билан учрашди.

Учрашувда сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш йўллари муҳокама этилди. Зулпихар Жолдасов туркларни Туркистон вилоятининг сайёҳлик потенциали билан таништириб, минтақага турк сайёҳларни жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.

Туркистон вилояти делегация бошчиси “Туркистондан тўғридан тўғри авиарейслар очилди, янги меҳмонхоналар қурилмоқда. Вилоятда фақатгина муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш эмас, бошқа йўналишларда ҳам сайёҳлик ривожланмоқда. Бизнинг вазифамиз турк сайёҳларининг Туркистонга қизиқишини орттиришдан иборат” деб таъкидлади.

Вилоят делегацияси TURSAB ассоциациясининг аъзолари бўлган “BInrota turizm”, “Fly Express turizm”, “Seyir Travel”, “Dunya Degismeden”, “Everest Travel”, “Ejder turizm” ва бошқа сайёҳлик компаниялар директорлари билан бўлган учрашувда Тукркистон шаҳрининг сайёҳлик потенциали ҳамда инвестицион имкониятлари намойиш этилди.

Туркияга сафардан асосий мақсад Туркистон шаҳрига турк сайёҳларини жалб қилиш орқали икки ўлка орасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларга янги импульс беришдир. Муҳокамалар натижасида турк сайёҳлик компаниялар Туркистонда бўлиб ўтадиган сайёҳлик операторлари форумида иштирок этадиган бўлди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, TURSAB сайёҳлик ассоциацияси Туркиянинг 16 мингдан ортиқ сайёҳлик компанияларини бирлаштириб турувчи йирик ташкилотдир.


Бошқа мақолалар