- 2017-05-24
Туркиянинг Болу вилоятидаги меҳмонхонада юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 76 нафарга етди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланган.
21 январга ўтар кечаси Туркиянинг Болу вилоятидаги Қарталқоя тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхонада ёнғин рўй берди. Олов қисқа муддат ичида бутун бинони қамраб олган. Туркия ички ишлар вазири Али Эрлиқоя берган сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 76 киши ҳалок бўлди. Қурбонлардан 52 нафарининг шахси аниқланиб, уларнинг жасадлари оилаларига етказилмоқда. Қолганларнинг шахси номаълум бўлиб қолмоқда. 50 дан ортиқ одам жароҳатланган. Жабрланганларнинг бир қисми — оғир аҳволда.
12 қаватли Grand Kartal меҳмонхонасидаги ёнғин маҳаллий вақт билан соат 03:27 да бошланган. Шу кунларда Туркиядаги мактаблар икки ҳафталик таътилга чиққан ва бу давр тоғ-чанғи мавсумининг авж палласи ҳисобланади, шу туфайли меҳмонхонада шу куни 230 дан ортиқ киши бор эди.
Меҳмонхона биноси ёғочдан қурилгани сабабли, олов тез тарқалган. Ёнғинни ўчириш ишларига 200 дан ортиқ қутқарувчилар жалб этилган.
Болу губернатори Абдулазиз Ойдин берган дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин меҳмонхонанинг тўртинчи қаватидаги ресторанлар ҳудудида чиққан ва юқори қаватларга тарқалган. Меҳмонхона Болу марказидан анча узоқда жойлашган. Натижада ўт ўчирувчилар ноқулай об-ҳаво шароитида воқеа жойига етиб бориши учун бир соатдан ортиқ вақт кетган.
Қутқарув ишлари тонгда ҳам давом эттирилган ва эрталабки хабарларда қутқарувчилар ҳамон меҳмонхонанинг айрим нуқталарига етиб боришга уринаётгани айтилганди.
Ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум. Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч махсус комиссия экспертлари ҳодиса сабабларини ўрганаётгани, текширув ишларига прокуратура ходимлари ҳам жалб этилганини маълум қилган. Унинг айтишича, ёнғин иши бўйича тўққиз киши, жумладан, меҳмонхона эгаси қўлга олинди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Мамлакат ҳукумати 22 январни миллий мотам куни деб эълон қилди.
kun.uz дан олинди.