- 2018-11-27
Машҳур миллиардер ва тадбиркор Илон Маск, АҚШ президенти Дональд Трампнинг федерал ҳукуматни қисқартириш ва самарадорлигини ошириш бўйича маслаҳатчиси сифатида, USAID (АҚШнинг халқаро тараққиёт бўйича агентлиги) ни тугатиш чақириқларини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
Маск X (собиқ Twitter) саҳифасида “USAID – жиноий ташкилот. Унга тугаш вақти келди”, – деб ёзди.
Бу баёнот Трампнинг USAID раҳбариятини лавозимдан бўшатиш, агентликни ёпиш ёки уни АҚШ Давлат департаментига қўшиш ҳақидаги эълонидан сўнг айтилган.
Трамп агентлик ҳақида шундай деган:
“Бу ташкилот бир гуруҳ радикал-телбалар томонидан бошқарилади. Биз уларни четлатамиз, сўнгра қарор қабул қиламиз.”
Сўнгги кунларда DOGE (Ҳукумат самарадорлигини ошириш бўйича идора) аъзолари USAID хавфсизлик тизимлари ва ходимларнинг шахсий маълумотларига киришга уринишган, лекин уларга рад жавоби берилган. Шундан сўнг, улар полиция чақириш билан таҳдид қилган. Агентлик тизимига куч билан киришга йўл қўймагани учун USAID хавфсизлик директори Жон Вурхиз ва унинг ўринбосари Брайан Макгилл вақтинча лавозимларидан четлаштирилган.
Маск АҚШ солиқ тўловчиларининг маблағлари био-қуролларни, жумладан COVID-19 тадқиқотларини молиялаштиришга йўналтирилгани ҳақида ҳам гапирди.
USAID 53 миллион доллар маблағни EcoHealth Alliance га юборгани ва бу ташкилот АҚШ солиқ тўловчиларининг маблағлари билан Ухандаги лабораторияда коронавирусларнинг хавфлилиги ва юқумлилигини ошириш бўйича тадқиқотларни қўллаб-қувватлагани ҳақидаги маълумотларни у қайта эълон қилди.
“USAID сиз тўлайдиган солиқлар орқали COVID-19 каби биологик қурол тадқиқотларини молиялаштирганини биласизми? Бу вирус миллионлаб одамларни ўлдирди!” – деб ёзди Маск Xда.
USAID – бу АҚШ ҳукумати агентлиги бўлиб, у гуманитар ва иқтисодий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Агентлик 100 дан ортиқ давлатда соғлиқни сақлаш, таълим, қашшоқликка қарши кураш, демократияни қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.
USAID Қозоғистонда ҳам фаолият юритиб, бизнесни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, энергетика соҳасини модернизация қилиш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича дастурларни амалга ошириб келган.
Эслатиб ўтамиз, USAID ўз фаолиятини тўхтатган. Трамп 20 январда, президентликка киришган куни, хорижий ёрдамни 90 кунга музлатиб қўйди. Бир неча кун ўтиб, АҚШ Давлат департаменти халқаро ёрдам дастурларининг аксариятини тўхтатди. Бу эса минглаб лойиҳаларнинг ёпилиши ва кўплаб ходимларнинг ишдан бўшатилишига олиб келди.