- 2014-02-19
Қатар давлати Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг «ҲАМАС офиси Дохада жойлашган» деган сўзларини ва улар орқали Қатар ҳудудига қилинган ҳужумни оқлашга қаратилган баёнотларини кескин қоралади. Бу ҳақда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган расмий баёнотда айтилган.
Баёнотда қайд этилишича, Қатар Биньямин Нетаньяҳунинг масъулиятсиз чиқишларини ҳамда «Қатар ҳудудига қаратилган қўрқоқона ҳужумни оқлашга ва келгусида давлат суверенитетини бузишни асослашга қаратилган уятли уринишларни» қатъий рад этади.
«Нетаньяҳу жуда яхши биладики, ҲАМАС офисини очиш Қатарнинг воситачилик ҳаракатлари доирасида, АҚШ ва Исроилнинг илтимоси билан амалга оширилган. Шунингдек, у яхши хабардорки, бу офис кўплаб асир алмашувлари ва оташкесим жараёнларида ҳал қилувчи ўрин тутган, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган ва 7 октябрдаги фожеалардан кейин инсоний ёрдамга муҳтож бўлган фаластинлик ватандошлар ҳамда исроиллик гаровдагиларга енгиллик келтирган», — дейилади Қатар ТИВ баёнотида.
Шунингдек, музокаралар ҳар доим расмий, очиқ ва халқаро қўллаб-қувватлаш асосида, АҚШ ҳамда Исроил делегациялари иштирокида ўтгани таъкидланган.
«Нетаньяҳунинг Қатар гўёки ҲАМАС делегациясини яширинча паноҳлаган деган иддаолари — бутун дунё қоралаган жиноятни оқлашга қаратилган ноумид уринишдир. “Ал-Қоида” билан боғланган ёлғон қиёс эса — хиёнаткорона ҳаракатларни яширишга қаратилган яна бир уятли уриниш. Чунки “Ал-Қоида” ҳолатида ҳеч қачон халқаро воситачилик ёки АҚШ ва халқаро ҳамжамият иштирокида тинчлик музокаралари бўлмаган», — дейилади баёнотда.
Қатар ТИВ, шунингдек, халқаро ҳамжиҳатлик яна бир бор шундан далолат бермоқдаки, бундай таҳдидлар мустақил давлатлар суверенитетига қарши кескин рад этилади, дея қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябр куни Исроил илк бор ҲАМАСнинг Қатардаги объектларига зарба берди. Портлашлар сиёсий раҳбарият жойлашган Дохада содир бўлди. Бу воқеа дунё миқёсида қаттиқ реакция уйғотди: Қозоғистон, БМТ ва араб давлатлари бу ҳужумни Қатар суверенитетини бузиш деб баҳолади, АҚШ ва Европа эса очиқ норозилик билдирди.
Исроил расмийлари операцияни «ҲАМАС раҳбарияти қаерда бўлмасин, уларни таъқиб қилиш зарурати» билан изоҳлади.
Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати қаттиқ бўлди. Президент Қосим Жўмарт Тўқаев бу ҳаракатни қоралаб, шундай деди:
«Қандай мақсадлар билан амалга оширилганидан қатъий назар, бу ҳаракатлар мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир. Чунки улар Қатар давлатининг суверен ҳуқуқларини бузади ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига зиддир».
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса ҳужумни «Қатар суверенитетини қўпол бузиш» деб баҳолади. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Биньямин Нетаньяҳу билан суҳбатида Дохадаги ҲАМАС раҳбариятига зарба бериш қарорини «ақлга тўғри келмайдиган» деб атади.