- 2023-11-02
Йўловчилар энди Туркистонда тўхташ вақтида шаҳарни томоша қилиш имкониятига эга бўлиб, бир неча кундан кейин бошқа рейс билан Самарқандга учиб кетишлари мумкин.
Qazaq Air авиакомпанияси Астана – Самарқанд йўналишида Туркистон орқали транзит рейсларни йўлга қўйди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Йўналиш бўйича парвозлар 1 майдан бошлаб амалга оширилади.
Астана – Самарқанд – Астана рейслари ҳафтасига икки марта учади:
Пайшанба кунлари:
IQ369 Астана 16:15 – Самарқанд 20:00 (Туркистонда 1 соатлик тўхташ);
IQ510 Самарқанд 21:00 – Астана 01:30 (Туркистонда 50 дақиқалик тўхташ).
Якшанба кунлари:
IQ369 Астана 07:25 – Самарқанд 11:00 (Туркистонда 50 дақиқалик тўхташ);
IQ510 Самарқанд 12:00 – Астана 15:30 (Туркистонда 40 дақиқалик тўхташ).
Бир томонга чипталар нархи 41 минг тенгеден бошланади.
Авиакомпания вакилларининг таъкидлашича, қулай жадвал туфайли йўловчилар Туркистоннинг асосий тарихий жойлари билан танишиш ва бир неча кундан кейин Самарқандга парвоз қилиш имкониятига эга бўлади.
“Туркистон ва Самарқанд – бизнинг тарихимиз. Бугун биз Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларини бир вақтнинг ўзида ҳис қилиш имкониятини яратмоқдамиз. Самарқанддан келувчи меҳмонлар учун Туркистон ва Астанага ташриф буюриш имконияти очилмоқда. Туркистон орқали транзит авиақатновлар Қозоғистон ва Ўзбекистон туристлари учун ноёб сайёҳлик имкониятини туғдиради”, – деди авиакомпания бош директори вазифасини бажарувчи Адилбек Ўмралиев.
Шунингдек, Қарағанда ва Қўстанойдан келувчи йўловчилар учун ҳам Туркистон орқали транзит рейслар ташкил этилган.
Туркистон – Самарқанд йўналиши бўйича жадвал:
Пайшанба кунлари:
Туркистон 19:10 – Самарқанд 20:00
Самарқанд 21:00 – Туркистон 21:50
Якшанба кунлари:
Туркистон 10:10 – Самарқанд 11:00
Самарқанд 12:00 – Туркистон 13:00
Бу йўналиш бўйича чипта нархи бир томонга 23 минг тенгеден бошланади.