Мексика Фаластинни расман тан олди


  • 24 Март, 2025
  • 30

Июнь ойида президент этиб сайланган яҳудий миллатига мансуб Мексика президенти Клаудия Шейнбаум, Фаластин элчиси Надя Р.Ҳ. Рашиднинг ишонч ёрлиғини Мехикодаги Миллий саройда расман қабул қилди.

Шейнбаум ва Рашид Фаластин элчихонасининг "X" платформасидаги расмий саҳифасида эълон қилинган суратда биргаликда акс этган. Рашид, Мексиканинг Исроилнинг Ғазога қарши уруши борасидаги позициясини олқишлаб шундай деди:

"Дин ёки миллатдан қатъи назар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, инсониятнинг ҳақиқий моҳиятини ифодаловчи етакчи билан танишиш – катта шараф ва имкониятдир. Дунё ҳам айнан шундай йўл тутиши керак."

Мексиканинг янги президенти Клаудия Шейнбаум сайлов жараёни давомида Ғарб матбуотида унинг яҳудий келиб чиқишига алоҳида эътибор қаратилганди. Шу билан бирга, Исроил матбуоти ҳам "Мексикада яҳудий президент" сарлавҳалари билан бу мавзуни кўтарган эди. Бироқ Ғарб ва Исроил матбуотининг бу тарғиботи ортида Шейнбаумнинг Фаластинда икки давлатли ечимни қўллаб-қувватлаши ва Ғазода содир этилаётган қирғинни тўхтатишга чақириқлари турган эди.

Шейнбаум, Исроил 2009 йилда Ғазога ҳужум қилганида ёзган мактубида Тел-Авивни ҳужумларни тўхтатишга чақирган. Ушбу мактубда ўзининг яҳудий оиладан келиб чиққанини таъкидлаган Шейнбаум, ҳеч қандай сабаб Фаластинлик тинч аҳолининг ўлдирилишини оқлай олмаслигини айтган ва шундай деган эди:

"Яҳудий келиб чиқишим, Мексикага бўлган муҳаббатим ва ўзимни жаҳон фуқароси деб ҳис қилишим сабабли, адолат, тенглик, биродарлик ва тинчликка интилишни миллионлаб одамлар билан бўлишаман ва шу сабабли, Исроил давлатининг Ғазодаги бомбардимон тасвирларини фақат ва фақат даҳшат билан кузатишим мумкин... Ҳеч қандай сабаб Фаластинлик тинч аҳоли ўлдирилишини оқлай олмайди... Ҳеч нарса, ҳеч нарса, ҳеч нарса, боланинг ўлдирилишини оқлай олмайди."

Шейнбаум, шунингдек, Исроил аскарларининг Фаластин ҳудудларидан зудлик билан чиқиб кетиши учун чақириқ қилган:

"Айнан шу сабабли мен бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар қаторида Исроил аскарларининг Фаластин ҳудудларидан зудлик билан чиқиб кетиши ва ўт очишни тўхтатиш талабини қўллаб-қувватлайман. Аргентиналик шоир Альберто Спунберг яқинда ёзган мактубида шундай деган: 'Масала фақат мана шунда: дунёни қутқариш, биз яшаб турган ва барчага тегишли бўлган, бугун эса Ғазо деб аталувчи бу ноёб ва азоб чеккан дунёни қутқариш.'"

2012 йилда Шейнбаум ўзининг "X" саҳифасида "2009 йилда Ғазодаги бомбардимонлар ҳақида ёзган мактубимни тақдим этяпман. Ҳали ҳам худди шу фикрдаман." деб ёзган эди.

Шейнбаум, ҲАМАС 7 октябрь куни Исроилга "Ақсонинг тўфони" номли ҳужумини амалга оширгандан кейин ҳам Ғарб тарғиботига эргашмади. Яҳудий келиб чиқишга эга бўлган мексикалик сиёсатчи Шейнбаум Исроил-Фаластин можароси ҳақида қайғу билдирган, бироқ ечим фақат икки давлатнинг тан олиниши орқали бўлишини таъкидлаган.

Шейнбаум, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларидан бирида ҲАМАСнинг ҳужумини қоралаган, бироқ Фаластинда доимий равишда ҳужумлар натижасида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган тинч аҳолининг ҳимоя қилинишини таъкидлаб, шундай деган:

"Албатта, зўравонликнинг барча шакллари, айниқса бу каби зўравонлик қораланиши керак; тинч аҳолига, бегуноҳ инсонларга ҳужум қилиш. Зўравонликка чек қўйиш ва икки давлатни тан олиш зарурлигини қўллаб-қувватлайман."

Мексикалик сиёсатчи Фаластинда можароларни тугатиш ва ҳар икки давлатни тан олиш учун Бирлашган миллатлар ташкилотини ташаббус кўрсатишга чақирган.


Бошқа мақолалар