- 2021-01-04
АҚШ президенти Дональд Трамп чет элдан олиб кириладиган барча товарларга бож тўловлари жорий этилганини маълум қилди. Бу ҳақда республикачи Трамп 2 апрель, чоршанба куни Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
АҚШ маъмурияти “ўзаро жавоб” (реципроцитет) тамойили асосида 185 та давлатдан келадиган импорт маҳсулотларига бож тўловлари жорий этган. Мазкур давлатлар рўйхати ва улар учун белгиланган тарифлар Трампнинг Truth Social тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.
Базавий тариф 10 фоизни ташкил этади, бироқ кўплаб давлатлар учун бу кўрсаткич анча юқори. Хусусан, Хитойдан келадиган товарлар учун бож — 34 фоиз, Европа Иттифоқи давлатлари учун — 20 фоиз, Швейцария — 31 фоиз, Буюк Британия — 10 фоиз, Исроил — 17 фоиз, Қозоғистон — 27 фоиз этиб белгиланди. Энг юқори божлар Вьетнам (46 фоиз), Камбоджа (49 фоиз) ва Лаосга (48 фоиз) нисбатан қўлланилган.
Россия рўйхатда қайд этилмаган. Шунингдек, Мексика, Эрон, Канада ва Беларусь ҳам рўйхатдан ўрин олмаган. Украинадан келадиган товарларга эса 10 фоиз миқдорида бож жорий этилган.
МДҲнинг кўплаб давлатлари учун ҳам 10 фоизлик тариф белгиланган. Молдавия (31 фоиз) ва Қозоғистон (27 фоиз) бундан мустасно. Арманистон, Озарбайжон, Гуржистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун тариф 10 фоизни ташкил этади.
Трамп шунингдек, енгил автомобиллар, енгил юк машиналари ва автозапчасталар импорти учун алоҳида 25 фоизлик бож тўлови жорий этиш ҳақида фармон имзолади.
Оқ уй раҳбари божларни жорий этишни “иқтисодий мустақиллик декларацияси” деб атади ва 2 апрелни “Американинг саноат қайта туғилган куни” сифатида эълон қилди. У таъкидлашича, агар бошқа давлатлар раҳбарлари божларни бекор қилишни сўраб қўнғироқ қилишса, уларга ўз божларини ҳам бекор қилишни маслаҳат беради.
Трампнинг таъкидлашича, “АҚШнинг дўст ва душманлари” кўп йиллар давомида Америка иқтисодиётидан фойдаланган, аммо “ойна тариқа” (зеркальный) божлар билан бу амалиётга барҳам берилади. Унинг фикрича, бу АҚШ иқтисодиёти учун “олтин давр”ни бошлаб беради ва иш ўринлари ҳамда фабрикалар мамлакатга қайтади.
Шунингдек, Трамп Вашингтон ушбу божлар орқали тушадиган “триллионлаб доллар”ни солиқларни камайтириш ва давлат қарзини қисқартиришга йўналтиради, дея маълум қилди. У бу жараён “жуда тез” содир бўлишини айтди.
“Кўп йиллар давомида меҳнаткаш америкаликлар четда қолди, бошқа давлатлар эса — кўп жиҳатдан бизнинг ҳисобимиздан — бой ва қудратли бўлиб кетди. Аммо энди навбат бизники — биз гуллаб-яшнаймиз ва бу орқали триллионлаб долларни солиқларни қисқартириш ҳамда давлат қарзини тўлаш учун ишлатамиз”, — деди Трамп.
Маълум қилинишича, 10 фоизлик асосий бож 5 апрелдан кучга киради, айрим давлатлар учун белгиланган юқори “ойна тариқа” тарифлар эса 9 апрелдан бошлаб амалга оширилади. Трампнинг айтишича, у келгусида бож миқдорларини ўзгартириши мумкин.