Фуэго вулкани портлади


  • 4 Июнь, 2018
  • 800

Марказий Америка ўлкаларидан Гватемаладаги Фуэго вулкани портлади. Пойтахт Гватемала Ситининг 40 км жануби-ғарбидаги вулкандан ҳавога  қора тутун ва кул отилмоқда.

Табиий офатларни бартараф қилиш миллий хизмати лава дарёси Эл Родео қишлоғини босганини, у ердаги уй ва одамлар лава остида қолганини маълум қилди. Гватемала Ситидаги Ла Аврора аэропорти кул ёмғири сабабли парвозлар учун бекитилган. Президент Джимми Моралес фавқулодда вазият деб эълон қилди.

Мутахассисларга кўра ушбу портлаш 1974 йилдан кейинги энг улкани ҳисобланади. Фавқулодда вазият вакили Серхио Кабанас “Бир лава дарёси қирғоқлардан ошиб, Эл Родео қишлоғига етди. Яраланганлар, куйганлар ва ўлганлар бор. Афсуски Эл Родео лава остида қолди ва лава туфайли Ла Либертад қишлоғига ҳам етиб бора олмадик. У ерда ҳам қурбонлар бўлиши мумкин” деди.

Гватемала ҳукумати вулкан отилишидан жами 1,7 миллион киши жабр кўрганини маълум қилди. Қутқарувчилар аҳолига кул ёмғири туфайли ҳимоя ниқобларини тақишга чақиришмоқда.


Бошқа мақолалар