- 2021-11-11
АҚШнинг Жоржия штатида 14 ёшли ўқувчи мактабда қуролдан ўт очиб, натижада 4 киши ҳалок бўлди ва 30 дан ортиқ одам жароҳат олди.
Фожиа чоршанба куни эрталаб Уиндер шаҳрининг Апалачи мактабида рўй берди. ФҚБнинг маҳаллий бўлим бошлиғи Крис Ози: “Қурбонлар орасида 2 нафар ўқувчи ва 2 нафар ўқитувчи бор. Ўт очган ўқувчи қўлга олинди”, деб маълум қилди.
Полиция маълумотларига кўра, ўқувчи яримавтомат ўт очиш қуролидан ўт очган. Мактаб ўқувчиси ушбу қуролни қаердан олган ва уни мактабга қандай олиб кирганлиги аниқланмоқда.
Воқеа жойига тезда етиб келган полиция ходимлари ўқувчиларни мактаб биносидан эвакуация қилган. Жароҳат олганлар зудлик билан касалхонага етказилган.