Хитой 10G даврини бошлади


  • 21 Апрель, 2025
  • 29

Рақамли дунё яна бир тарихий бурилишга гувоҳ бўлмоқда. Huawei ва China Unicom ҳамкорлигида Хэбэй вилоятининг Сюнъань янги туманида Хитой биринчи бўлиб 10G кенг полосали тармоқни ишга туширди. Бу нафақат технологик янгилик, балки интернет инфратузилмасидаги янги босқичнинг бошланишидир.

Бу инқилобий лойиҳа дунёдаги биринчи 50G PON ечими асосида амалга оширилди. Бунинг натижасида интернет тезлиги оддий гигабит даражасидан 10 гигабитгача кўтарилди — бир неча сонияда фильм юклаш, реал вақтда 8K форматда видео томоша қилиш, виртуал дунёда юқори аниқлик билан суҳбатлашиш энди реал имкониятга айланмоқда.

Ҳисоботларга кўра, янги тармоқ юклаб олишда 9834 Мбит/с, маълумот юборишда эса 1008 Мбит/с тезликка эришди. Бу рақамлар техник жараёнларни севувчилар учун — янгилик, тадбиркорлар учун — имконият, аҳоли учун эса — келажак ҳаёт тарзи эканлигини англатади.

Кўрилаяптики, Huawei ва China Unicomнинг бу қадами нафақат алоқа тармоқлари, балки бутун рақамли иқтисодиёт учун янги босқични очмоқда. Тезлик ортиши билан бирга кечикувнинг ҳам миллисекунд даражасига тушиши — булутли технологиялар, сунъий интеллект, AR/VR ва бошқа инновацион соҳалар учун янада катта имкониятлар эшигини очади.

Бугунги кунда Хитойда 1 миллиарддан ортиқ 5G фойдаланувчиси бор, 18 мингдан ортиқ 5G+ инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Аммо 10G — бу янги босқич. Бу технология симли алоқада 10 Гбит/с гача тезликни таъминлаб, мобил 5G (300–1500 Мбит/с) билан рақобат қилмайди, аксинча, инфратузилмани мукаммаллаштирувчи ҳамкор технология сифатида юзага чиқади.

Шу боис, 10G — 6G ўрнини босувчи эмас, балки янги рақамли тўлқинга йўл очувчи технологик кўприкдир. Саноат, таълим, тиббиёт, медиа ва ҳатто уй хўжаликлари энди интернетда янги стандартларга интилади.


Бошқа мақолалар